Покистон Эрон ва АҚШ ўртасида воситачилик таклиф этди
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Исломобод Яқин Шарқдаги вазият бўйича «мазмунли ва конструктив музокаралар» учун платформа яратишга тайёрлигини билдирди.
«Покистон минтақада ва ундан ташқарида тинчлик ва барқарорлик манфаатлари йўлида Яқин Шарқдаги урушни тугатиш бўйича мулоқотни давом эттиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни олқишлайди ва тўлиқ қўллаб-қувватлайди», деб ёзган бош вазир Х ижтимоий тармоқ платформасида.
Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги ОАВни тахминлардан тийилишга ва Исломобод Яқин Шарқдаги можаролар фонида АҚШ ва Эрон расмийлари ўртасида музокаралар ўтказиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга жавобан расмий баёнотларни кутишга чақирган эди.
23 март куни АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан музокаралар ўтказилишини эълон қилди, шундан сўнг у Эроннинг энергетика иншоотларига ҳужумларга беш кунлик мораторий жорий қилди.
Унинг сўзларига кўра, махсус элчи Стив Уиткофф ва бизнесмен Жаред Кушнер «Эрондаги энг муҳим шахс» билан суҳбатлашган. Бироқ Теҳрон Вашингтон билан ҳар қандай алоқаларни рад этди. Axios америкалик манбага таяниб, Туркия, Миср ва Покистон сўнгги кунларда воситачи сифатида ишлаганини хабар қилди.
The Express Tribune нашрининг хабар беришича, Исломобод Америка делегацияси иштирокидаги музокаралар учун мумкин бўлган жой сифатида кўриб чиқилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter