Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Макронни ўлдириб, тўнтариш қилмоқчи бўлган гуруҳга суд ҳукми ўқилди

Президент Макронни ўлдириб, тўнтариш қилмоқчи бўлган гуруҳга суд ҳукми ўқилди

Фото: Reuters

Францияда президент Эммануэль Макронга қарши суиқасд ҳозирлашда айбланган Les Barjols гуруҳи устидан суд жараёни якунланди. Маҳкама жиноий тўда аъзоларига 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.

Гуруҳнинг 13 аъзосига нисбатан суд жорий йил 17 январь куни бошланган эди. Прокуратура жиноий тўда жамият учун реал хавф туғдиради деб хулоса берган.

Тергов идорасига кўра, «Баржолликлар» гуруҳи (Францияда Баржоль номли коммуна бор) 2018 йили Сулҳ куни тантаналарида президент Э.Макронни пичоқлаб ўлдириш ва давлат тўнтариши уюштиришни режалаштирган.

Адвокатлар судланувчиларнинг аниқ режасини бўлмаганини айтган. Шунга кўра суд 10 йиллик қамоқ кўзда тутилган модда бўйича нисбатан енгилроқ жазо тайинлаган.

66 ёшли Жан-Пьер Буйе 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган (бир йили шартли жазо саналади). Гуруҳнинг қолган аъзоларига 3 йил ва 6 ойдан қамоқ ҳамда шартли жазо тайинланган. 9 нафар айбланувчи оқланган.

«Баржолликлар» гуруҳи бир неча йил аввал мамлакат шимоли-шарқидаги Мозель департаментида қўлга олинган эди. Тинтув пайти Жан-Пьер Буйенинг машинасидан ҳарбий пичоқ ва зирҳли нимча, уйидан эса қурол топилган. Судланувчилар онлайн-чатдаги мулоқотлар давомида Париждаги Елисей саройини қамал қилиш ҳақидаги суҳбатлашган. Шунингдек, ўта ўнг йўналишдаги тўда аъзолари масжид ва муҳожирларга ҳужумни ҳам муҳокама қилган.

Францияда икки йил аввал «Демократик ҳаракат» партияси вакили, парламент собиқ депутати Реми Дайенинг давлат тўнтаришига уринишда айбланиб қўлга олингани ҳам шов-шув бўлган эди. Разведка идорасига кўра, Р.Дайе бутун мамлакатга ёйилган яширин террор ташкилотига раҳбарлик қилган. Ушбу ташкилотга истеъфодаги ҳарбийлар, полиция ва жандармерия зобитлари аъзо бўлгани хабар қилинган. 

Президент Э.Макронга қарши ҳуқуқбузарликлар аввал ҳам содир этилган. 2021 йил июнь ойида Макрон Франция жануби-шарқидаги сафари чоғи фуқародан тарсаки еган эди.

Ўша йилнинг сентябрь ойида эса лионлик эркак давлат раҳбарига тухум улоқтирган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг