Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Путин билан музокара пайти Меркелнинг қўл телефони жиринглади. Ким қўнғироқ қилган бўлиши мумкин?

Путин билан музокара пайти Меркелнинг қўл телефони жиринглади. Ким қўнғироқ қилган бўлиши мумкин?

Фото: Getty Images

Ўтган ҳафта охирида Германия канцлери Ангела Меркель Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Музокара пайти кутилмаган ҳолат юз берди: Меркелнинг қўл телефони жиринглаб қолди. Бу ҳолдан хийла жаҳли чиққан Меркель телефонини чўнтагидан олиб рад этиш тугмасини босди.

Хўш, муҳим сиёсий музокара пайти олмон ҳукумати раҳбарини ким безовта қилган бўлиши мумкин? Шу кунларда мазкур савол дунё матбуотида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. АҚШнинг «Politico» нашри ҳам бу борада бир неча тахминни илгари сурди.

Илк тахмин – Армин Лашет. Аввал хабар берганимиздек, Ангела Меркель куни кеча Армин Лашетнинг ўзининг вориси деб эълон қилди.

Фавқулодда ҳолатлар рўй бермаса, Лашет Меркелнинг ўрнига Христиан-демократлар иттифоқига раис бўлиши ва пировардида канцлер лавозимида фаолият юритиши кутилмоқда. Айни кунларда А.Лашет ғоят муҳим сиёсий имтиҳон олдида турибди. «Politico» нашрига кўра, у канцлерга сайловолди маслаҳат учун қўнғироқ қилган бўлиши мумкин.

Иккинчи тахмин – Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб. Ўқувчиларга бу тахмин ишончсиз туюлиши мумкин, деб ёзади «Politico». Дарҳақиқат, инглиз вазирининг Германия ҳукумати раҳбарига тўғридан-тўғри қўнғироқ қилишга журъат этмаслиги мумкин. Аммо Афғонистондаги вазият қўққисдан мураккаблашган пайтда ҳам таътилдан қайтмасликни маъқул кўрган Д.Рааб сўнгги кунларда кучли танқидлар остида қолмоқда. Демак, у ҳам сиёсий далда истаётган бўлса ажаб эмас.

«Politico» бу борада Украина президенти Владимир Зеленский (ашаддий мухолифи Путин билан мулоқотга халал бериш учун), Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер (у 2017 йилда матбуот анжумани пайти Меркелнинг қўнғироғини рад этган), собиқ канцлер Герхард Шредер (Россияга айрича меҳри билан танилган сиёсатчи Меркелга Путин билан тил топишиш борасида маслаҳат бермоқчи бўлгандир) каби бироз юморга йўғрилган тахминларни ҳам баён қилган.

Рус матбуоти хабарига кўра, бу Меркелнинг Россияга Германия канцлери сифатидаги ўн тўққизинчи ва катта эҳтимол билан сўнгги ташрифидир. Жорий йил сентябрда ўтадиган сайловда у ўз номзодини қўймаслиги маълум.

Меркель ва Путин музокаралари пайтида аввал ҳам кутилмаган ҳолатлар кузатилган. Масалан, 2007 йил январь ойида Сочида ташкил этилган учрашувга Путин «Кони» лақабли итини ҳам олиб келган. Ўшанда Ангела Меркель кўппакдан қўрқишини яшира олмаган. Путин эса бу хатти-ҳаракати учун кейинроқ канцлер хонимдан узр сўраган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг