Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Путин хорижга қочишни режалаштираётгани айтилмоқда

Путин хорижга қочишни режалаштираётгани айтилмоқда

Фото: ТАСС

Россиялик сиёсатшунос Аббас Галлямов президент Владимир Путин ва унинг хос аъёнлари Украина уруши муваффақиятсиз тугаса, хорижга қочишни режалаштираётгани ҳақида хабар берди. Ўз даврида Путин командасида фаолият юритган А.Галлямовга кўра, қочиш операцияси «Нуҳ кемаси» деган рамзий ном билан аталган.

«Одатда, инсайдерлик ҳикояларини очиқлаб ўтирмайман, аммо бугун истисно қилмоқдаман. Биринчидан, ахборот манба ўта ишончли, иккинчидан, маълумот жуда қайноқ.

Хулласи калом, Путин сиёсий бюроси баҳордан «Нуҳ кемаси» деган норасмий ном билан аталган лойиҳа устида иш бошлаган. Номдан ҳам кўриниб турибдики, бу ўринда ватанда қолиш номақбул бўлиб қолган тақдирда янги бошпана топиш ҳақида гап кетмоқда. «Доҳий»нинг атрофидагилар урушда мағлуб бўлиш, ҳокимиятни бой бериш ва бирор ерга зудлик билан кўчиш эҳтимолини истисно этмаётир», – деб ёзади А.Галлямов.

Қайд этилишича, дастлаб Хитойдан бошпана олиш кўзда тутилган. Аммо «хитойликлар ўта билағонлиги ва мағлублардан нафратланиши» важидан ундан воз кечилган.

«Айни пайтда истиқболли макон сифатида Лотин Америкаси – Аргентина ва Венесуэла кўриб чиқилмоқда. Биринчи вариант бўйича бирор тафсилот маълум эмас. Аммо иккинчиси (Венесуэла) бўйича лойиҳани Сечин («Роснефть» ширкати президенти, собиқ бош вазир ўринбосари Игорь Сечин назарда тутилмоқда – таҳр.) мувофиқлаштираётгани маълум. У (Венесуэла президенти Николас) Мадуро билан шахсан дўстона муносабатда. Шу сабаб кўчиш лойиҳасига айнан у масъул этилган», –  деб ёзади муаллиф.

«Нуҳ кемаси» лойиҳасида «Роснефть» ширкати раҳбарининг ўнг қўли, АҚШ фуқаролигига эга Юрий Курилин ҳам муҳим роль ўйнаши таъкидланган.

Сиёсатшунос А.Галлямов Ғарбда шов-шув уйғотган ушбу хабар юзасидан «Deutsche Welle»га берган интервьюсида Путин жамоаси учта сценарий бўйича ҳаракат қилаётгани ҳақида сўзлаб берган.

Биринчи сценарий: Кремль Украинада урушни давом эттиришга бор кучи билан ҳаракат қилади.

Иккинчи сценарий: вазият издан чиқиб, мағлубият аниқ бўлиб қолса, сиёсий режим буткул қуламаслиги учун Путинни президентликдан кетиш ва ҳокимиятни ворисга топширишга кўндиришга ҳаракат қилишади.

Учинчи сценарий: мағлубият ва жавобгарлик муқаррар тус олса, «захирадаги аэродром» режаси ишга солиниб, Лотин Америкаси мамлакатига жуфтак ростланади.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Аббас Галлямов 2008-2010 йилларда, В.Путин бош вазир лавозимида ишлаган вақтда унга спичрайтерлик қилган. 2010-2014 йилларда Бошқирдистон президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Ҳозирча Кремль А.Галлямовнинг даъвосига расмий муносабат билдирганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил ноябрь ойида Россия собиқ бош вазири Михаил Касьянов В.Путинга хавфсизлик гарови эвазига ҳокимиятдан кетиш таклифи берилиши мумкинлиги ҳақида айтган эди. Собиқ бош вазир Хитой Путинни ўз ҳимоясига олиши ва унинг хавфсизлигини кафолатлаши мумкин бўлган ягона давлат эканини таъкидлаган.

Сўнгги вақтларда айрим таҳлилчилар Украинадаги муваффақиятсиз ҳарбий юриш ортидан Россияда ҳокимият алмашуви рўй бериши ҳақида ёзмоқда. Баъзи экспертлар эса Путин аллақачон мутлақ ҳокимиятни бой бера бошлагани ҳақидаги фаразни илгари сурмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг