Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қирғизистон хавфсизлик идораси «энг қадимий касб» вакилларига қарши уруш очди

Қирғизистон хавфсизлик идораси «энг қадимий касб» вакилларига қарши уруш очди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан 1 декабрга қадар мамлакатдаги барча фоҳишахоналарни ёпишни талаб қилди. Бу ҳақда у 30 ноябрь куни МХДҚнинг Балиқчи шаҳридаги идораси очилишида гапирган.

Қ.Ташиев исловотхоналар ишлашда давом этаётганидан хабар топгудек бўлса, ўша ҳудуд ҳокимлари ишдан олиниши, ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулларига эса чора кўрилишидан огоҳлантирган.

МХДҚ раҳбари фуқароларга интим хизматлар кўрсатувчи турли кўнгилочар масканлар, ҳаммомлар ва исловотхоналарни миллий хавфсизликка таҳдид солувчи омиллар қаторида санаган.

«Коммерсантъ» нашри Қирғизистондаги фоҳишахоналар фаолиятига чек қўйиш учун белгиланган муҳлат 15 соат эканига эътибор қаратган.

«Ушбу иллатга барҳам бериш бизнинг зиммамизда. Ҳурматли ҳокимлар, мэрлар, губернаторлар ҳозирданоқ шу топшириқ ижросига киришинг. Ихтиёрингизда 15 соат бор. Агар бирор ҳудудда бирорта фоҳишахона ҳали ҳам фаолият юритаётгани аниқланса, ўша заҳоти мэр, ҳоким ва губернаторни ишдан бўшатамиз, ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулларини эса жавобгарликка тортамиз», – деган Қ.Ташиев.

Сўнгги кунларда Қирғизистон махсус хизмати йирик шаҳарларда фоҳишахоналарга қарши рейдлар ўтказган. Исловотхоналар ташкил этишга алоқадор ҳокимият идоралари ходимларини аниқлаш чоралари кўрилаётгани хабар қилинган.

Аввалроқ Қамчибек Ташиев Қирғизистондаги уюшган жиноий гуруҳ вакилларини кескин огоҳлантириб, бош кўтарган жиноятчиларнинг боши кесилишини айтган эди.

«Эндиликда мамлакатимизда «қонундаги ўғри»лар, уюшган жиноий гуруҳ ва тўда раҳбарларига ўрин йўқ!» – деб баёнот берган махсус хизмат раҳбари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг