Қозоғистон мол гўшти экспортини чеклади
Қозоғистон 31 декабргача мол гўшти экспортига вақтинча чеклов ўрнатди. Чекловлар янги, совутилган ва музлатилган мол гўштига тегишли. Умумий квота 13 000 тоннани ташкил этади. Ушбу қоидалар ҳам ЕОИИ мамлакатлари, ҳам учинчи мамлакатлар учун амал қилади. Жумладан, Ўзбекистона ҳам.
Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлиги гўшт экспортига квоталар ва назоратни жорий этишни «ички бозорда гўшт танқислигининг олдини олиш ва мол гўшти нархларини барқарорлаштириш» учун зарур чора деб атайди. Уларнинг сўзларига кўра, бу чоралар бозорнинг рақобатбардошлигига таъсир қилмайди.
«Жорий қилинган ёндашув олигополия яратишга ёки рақобатни чеклашга қаратилган эмас. Аксинча, унинг мақсади тўлиқ саноат айланмасига асосланган мол гўшти ишлаб чиқаришнинг маданиятли, шаффоф ва масъулиятли моделини ишлаб чиқишдир», – дейилади хабарда.
Вазирнинг таъкидлашича, янги чоралар майда кушхоналарга қўшни давлатларга чорва молларини қайта сотиш имконини бермайди. Илгари компаниялар ҳайвонларни сотиб олиб, семиртириб боқмасдан, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам олиб кетган. Бу бозорни бузган ва мамлакат ичида мол гўшти нархининг ошишига олиб келган.
«Шундай қилиб, квоталашни жорий этиш чорва молларини кўпайтириш ва бўрдоқига боқиш билан шуғулланмайдиган, фақат ҳайвонларни қайта сотадиган экспорт воситачиларини чиқариб ташлашга қаратилган. Уларнинг фаолияти мол гўшти нархининг асоссиз ўсишига олиб келмоқда ва соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшмаяпти», – дейилади хабарда.
Вазирлик шунингдек, фермерларга субсидиялар берилишини маълум қилди. Давлат наслдор қорамол сотиб олиш харажатларини қисман қоплашни режалаштиряпти.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда мол гўшти нархи шу йилнинг сентябр ойида кескин кўтарилди. Дўконларда гўшт килограмми учун 5000-6000 тенге (тахминан 117 минг сўм – 141 минг сўм оралиғи) дан сотилаётган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter