Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қозоғистон раҳбари президент Путиннинг тагдор шамасига жавоб қайтарди

Қозоғистон раҳбари президент Путиннинг тагдор шамасига жавоб қайтарди

Фото: “Akorda.kz”

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Egemen Qazaqstan» газетасида чоп этилган «Мустақиллик барчасидан қадрли» деб номланган мақоласида Россия юқори сиёсий доираларида бот-бот янграётган ҳудудий даъволарга муносабат билдирди.

«Аждодлардан мерос бўлиб келаётган муқаддас заминимиз – бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Ушбу ҳудудни қозоқларга хориждан биров пешкаш қилмаган. Бизнинг бугунги тарихимиз 1991 ёки 1936 йиллар билан ўлчанмайди. Она халқимиз ушбу заминда Қозоқ хонлиги даврида, ундан аввалроқ Олтин ўрда, Турк хоқонлиги, хунлар ва саклар даврида умргузаронлик қилган. Мухтасар айтганда, тарихимиз илдизи қадим ўтмишга бориб тақалади», – деб ёзади президент Тўқаев.   

Қозоғистон етакчиси мамлакатнинг расмий чегаралари халқаро ҳуқуқий меъёрлар доирасида белгилангани, демаркация ва делимитация жараёнлари шартномалар орқали пухта тартибга солинганини таъкидлар экан, бу борада ҳеч ким даъво билан чиқа олмаслигини қайд этган.

Ҳудудий даъво билан чиқаётган шахсларни провокацион баёнотлардан тийилишга чақирган президент Тўқаев Қозоғистон ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилишга қодир эканини урғулаган. 

«Биз ўз миллий манфаатларимизни ҳам дўстона муносабатлар, ҳам куч билан ҳимоя қилишга шаймиз. Таъкидлаганимдек, чегараларимиз аниқ-тиниқ белгиланган. 2018 йилда Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолаганимиздан кейин нафақат қуруқликдаги, балки денгиздаги чегараларимиз бўйича ҳам саволлар қолмади. Қозоғистон – яхлит-ягона давлат», – дея баёнот берган  Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Қозоғистон етакчиси, шунингдек, тарих илми билан сиёсатчилар эмас, соҳа олимлари шуғуллангани маъқул эканини ҳам таъкидлаган.

Аввал хабар берганимиздек, 2020 йилнинг сўнгги ойларида Россия ҳамда Қозоғистон ўртасидаги сиёсий муносабатлар хийла таранглашди. Бунга эса россиялик сиёсий арбобларнинг «катта оғалик» руҳидаги даъвою иддаолари сабаб бўлди.

Хусусан, 2020 йил 10 декабрь куни Россия Давлат думасининг илм-фан ва таълим қўмитаси раиси Вячеслав Никонов 1-телеканалнинг «Большая игра» дастурида Қозоғистон деган давлат мавжуд бўлмаган дея баёнот берди. «Қозоғистон ҳудуди Россия ҳамда Совет иттифоқи томонидан берилган катта совғадир», – деди у.

Ушбу фикр давлат телеканали дастурида янграгани, боз устига, В.Никонов иқтидордаги «Единая Россия» партияси аъзоси экани важидан бу даъво Қозоғистон сиёсий доираларида катта хавотир ила қарши олинди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги зудлик билан Россиянинг муваққат ишлар вакили (вақтинча элчи) Александр Комаровни чақириб, дипломатнинг қўлига норозилик нотасини тутқазди.

«Россиялик айрим сиёсатчиларнинг Қозоғистонга нисбатан провокацион ҳамлалари давлатларимиз ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларига жиддий зарар келтиради. Қозоғистон ТИВ Россияни бундай фикрларга нисбатан муносиб баҳо бериш ҳамда келгусида Россия Федерацияси давлат арбоблари томонидан бу каби баёнотларга йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар кўришга чақиради», – дейилади ТИВ норозилик мактубида.

Бу орада Давлат думаси ҳамда «Единая Россия» партиясининг бошқа бир аъзоси Евгений Фёдоров ҳамкасби В.Никоновнинг фикрини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Қозоғистон Совет иттифоқига тегишли ҳудудларга ноқонуний равишда эгалик қилаётганини даъво қилди ва Қозоғистондан Верний – Олмаота шаҳрини қайтаришни талаб қилди.

Ҳудудий даъво Қозоғистон сиёсатдонлари ҳамда зиёлилари томонидан кескин танқидлар билан қабул қилинди. Масалан, сиёсатшунос Досим Сатпаев Қозоғистон раҳбариятини бу каби жиддий даъволарга қарши қатъий чоралар кўришга чақирди. Қайд этилишича, бундай ҳақоратомуз ва халқаро ҳуқуққа зид баёнотлар учун шунчаки дипломатик эътирозлар билан чекланиш тўғри эмас. Д.Сатпаевга кўра, Қозоғистон ўз суверенитетини муҳофаза этиш борасида чора-тадбирлар кўрмоғи лозим. Бу борада энг сўнгги жавоб чораси сифатида Россия иштирокида тузилган Евроосиё иқтисодий иттифоқидан чиқиш, КХШТдаги аъзоликни вақтинча тўхтатиш таклиф этилган.

Қозоғистон сиёсий жамоатчилиги рус депутатларининг фикрларидан жунбушга келгани бежиз эмас. Зеро, 2020 йил июнь ойида президент Владимир Путин «Россия. Кремль. Путин» номли ҳужжатли фильмда СССР таркибида бўлган республикалар Иттифоқ таркибидан чиқиш пайти ўзи билан Россияга тегишли улкан ҳудудларни ҳам олиб чиқиб кетганини даъво қилган эди. Ўша пайтдаёқ Россия етакчиси бу ўринда Украина ва Қозоғистонни назарда тутаётгани тахмин қилинганди.

2014 йилда эса Путин бу борада янада очиқроқ фикр билдирган, қозоқларда давлатчилик бўлмаганини айтган эди.

Таҳлилчиларга кўра, Россиянинг катта-кичик доираларида янграётган ҳудудий даъвога Қозоғистон президенти даражасида жавоб қайтарилиши расмий Остона Москвани жиддий огоҳлантираётганини англатади.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг