Қозоғистон супер президентлик тизимидан воз кечади – Тўқаев жиддий сиёсий ислоҳотлар ҳақида гапирди
Бугун, 16 март куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат халқига мурожаат йўллади. Мурожаатда жиддий сиёсий ислоҳотларни амалга оширган ҳолда янги Қозоғистон барпо этилиши эълон қилинди. Қуйида президент Қ.Тўқаев илгари сурган сиёсий жабҳадаги айрим таклиф ва ғоялар билан мухтасар тарзда танишишингиз мумкин.
Айни пайтда барча жабҳалар фаолияти президентга бориб тақалади. Сиёсатдаги монополия эса давлатнинг инқирозига етаклайди. Шу сабаб сиёсий монополиядан босқичма-босқич воз кечилади.
Қозоғистон суперпрезидентлик бошқарув шаклидан кучли парламентга асосланган президентлик республикаси тизимига ўтади. Ҳокимият бўғинлари мувозанатига жиддий эътибор қаратилади.
Марказий сайлов комиссияси, Конституциявий кенгаш ва Ҳисоб қўмитаси раҳбарияти партия аъзолигидан чиқади.
Мамлакатда Конституциявий суд ва миллий қурултой шакллантирилади.
Партия таъсис этиш жараёни соддалаштирилади, рўйхатга олиш бўйича имзолар сони талаби 5 мингтача камайтирилади.
Қозоғистондаги сайлов жараёнига четдан аралашувнинг олдини олиш учун қонуний чоралар кучайтирилади.
Президентнинг Сенатдаги квотаси 15 нафардан 10 нафарга камайтирилади.
Президентнинг яқин қариндошлари сиёсий лавозимларни эгаллаши ман этилади.
Ҳокимларнинг ўринбосарлари сони 3 нафардан ошмайди. Истисно ҳолларда тўртинчи ўринбосарга рухсат этилади.
Қ.Тўқаев яқин муддатда иқтидордаги «Amanat» партияси раислигидан кетади. Умуман, Қозоғистон президентларига партия аъзоси бўлишни истисно этувчи тартиб жорий этилади.
Президент ҳаддан зиёд ваколатлардан воз кечиши жамиятнинг демократлашуви ва туб ислоҳотларга йўл очади.
Давлат ҳамда нодавлат-ноҳукумат ташкилотлар ҳамкорлиги кучайтирилади.
Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун қайта кўриб чиқилади. Матбуотнинг айрим шахслар буюртмасига кўра ишлашига йўл қўйилмайди.
Қозоғистон мустақиллигини асраб-авайлашга муқаддас бурч сифатида эътибор қаратилади.
Давлат бошқарув идораларини бюрократиядан халос этиш чоралари кўрилади.
Сиёсий ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳалол ва адолатли ўйин қоидаларини жорий этиш ва барча жабҳаларда монополияга барҳам беришдан иборатдир.
Қ.Тўқаев илгари сурган таклифларни амалга ошириш учун Конституцияга 30 га яқин ўзгартириш киритилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter