Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россия Киевга энг кучли ҳужумлардан бирини амалга оширди

Россия Киевга энг кучли ҳужумлардан бирини амалга оширди

Россия қўшинлари 20 июлга ўтар кечаси Украинага кенг кўламли ракета ва дрон ҳужумини амалга оширди. Украина Ҳаво кучлари маълумотига кўра, ҳужумда 41 та ракета ва 125 та зарбадор дрон қўлланилган бўлиб, асосий нишон Киев шаҳри бўлган.

Украина томонининг билдиришича, ҳаво мудофаа тизимлари 18 та ракета ва 108 та дронни йўқ қилган ёки ҳаракатсизлантирган. Ҳужум оқибатида Киевнинг бир нечта туманида ёнғинлар юз бериб, турар жойлар, офис бинолари ва саноат объектларига зарар етган. Қутқарувчилар маълумотига кўра, пойтахтда камида бир киши ҳалок бўлган.

Харьков вилоятидаги ҳужумларда ҳам,  маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, логистика терминалига берилган зарба оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳатланган. Изюм шаҳрида эса турар жойлар, болалар боғчаси ва электр тармоқлари шикастланган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳужумлар Украина Қуролли кучлари билан боғлиқ объектларга қаратилганини билдирди.

Украина президенти Владимир Зеленский ушбу ҳужумни Киевга қарши тўлиқ масштабли уруш бошланганидан бери амалга оширилган энг йирик баллистик ҳужумлардан бири деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Россия бир ҳафта давомида Украинага қарши қарийб 1450 та дрон, 1640 дан ортиқ бошқариладиган авиабомба ва 99 та ракета ишлатган.

Шу билан бирга, Зеленский Украина ҳам Россия ҳудудидаги ҳарбий инфратузилма ва ёқилғи объектларига зарбаларни давом эттираётганини маълум қилди. Унинг айтишича, Украина хавфсизлик хизмати Ставропол ўлкасидаги бир нечта нефт базасига, Қора денгизда эса Россиянинг учта танкерига зарба берган.

Украина томони Россия ҳужумларини қайтариш учун ҳаво мудофаа тизимлари, айниқса Patriot мажмуалари учун ракеталар етишмаётганини яна бир бор таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг