Россия ниҳоят Озарбайжонга компенсация тўлашга рози бўлди
Россия Озарбайжонга AZAL йўловчи самолётининг ҳалокати учун компенсация тўлашга рози бўлди.
Россия ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирликларининг қўшма баёнотига кўра, икки мамлакат 2024 йилнинг декабрида юз берган авиаҳалокат оқибатларини, жумладан, компенсация тўлаш масаласини тўлиқ ҳал қилишга келишдилар. Дипломатларнинг таъкидлашича, ушбу келишувга 2025 йил 9 октябр куни Душанбеда бўлиб ўтган МДҲ саммити доирасида президентлар Владимир Путин ва Илҳом Алиев ўртасидаги музокараларда эришилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Бокудан Грознийга учаётган Озарбайжон ҳаво йўллари самолёти 2024 йил декабр ойида Қозоғистонда ҳалокатга учраганди. Ўшанда 38 киши ҳалок бўлган, 29 киши тирик қолган эди.
Мазкур фожиа Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Кавказ минтақасида Украина дронлари ҳужумини қайтараётган вақтда содир бўлган. Боку маъмурияти ҳалокатдан сўнг дарҳол самолёт «ташқи таъсир» натижасида уриб туширилганини таъкидлаган.
Бироқ, дастлабки босқичда Москва ўз айбини рад этди. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг кескин совуқлашишига сабаб бўлди. Ҳатто президент Илҳом Алиев воқеа юзасидан халқаро судга мурожаат қилиш режаларини эълон қилди. Дипломатик инқироз оқибатида икки давлатда ҳам диаспора вакиллари ва фуқароларни қўлга олиш билан боғлиқ босимлар кузатилди.
Вазият фақатгина 2025 йил октябр ойида, Душанбедаги учрашувда ижобий томонга ўзгарди. Унда Владимир Путин Россия ракеталари Озарбайжон самолёти яқинида портлаганини ва фожиа техник хатолик туфайли юз берганини тан олди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter