Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россия ташқи ишлар вазири Қирғизистонга ақл ўргатди

Россия ташқи ишлар вазири Қирғизистонга ақл ўргатди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қирғизистонда қабул қилинган давлат тили тўғрисидаги қонунга эътироз билдирди.

Марказий Осиёда давлат тили қонунчилигига эътибор кучаяётганидан норозилигини яширмаган Россия бош дипломати Қирғизистонда қабул қилинган ҳужжатни демократияга зид деб ёзғирган.

«Қирғизистонда бир неча ой аввал қонун қабул қилинди. Ушбу ғоя пайдо бўлган илк кезлардаёқ қирғиз ҳамкасбларимизни бу демократияга тўғри келмаслиги борасида огоҳлантирган эдик. Давлат хизматчилари қирғиз тилини билиши ва шу тилда фаолият юритиши кераклиги талабини назарда тутмоқдаман. Ўқитувчилар ва давлат тиббий муассасалари шифокорлари ҳам давлат хизматчилари тоифасига киритилган», – дейди С.Лавров.

Рус дипломати расмий Бишкек бу борада бир неча бор огоҳлантирилгани, музокаралар яна давом эттирилишига шаъма қилган.

Кузатувчилар Кремль вакилининг ушбу баёнотини суверен мақомдаги давлат ички ишларига аралашув дея баҳоламоқда.

«Россия томони Қирғизистонни қонун қабул қилишдан олдин огоҳлантирган экан. Лекин Қирғизистон бунга қулоқ солмабди. Маълумот учун: Қирғизистон ҳам Ўзбекистон каби мустақил суверен давлат ва Россия Федерацияси таркибига кирмайди», – деб ёзди Олий Мажлис собиқ депутати Расул Кушербоев.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил май ойида Қирғизистон парламенти – Жўқорғу Кенеш давлат тилига доир конституциявий қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди.

Унга кўра, қирғиз тилини ўрта (B1) даражада билмайдиган фуқаролар давлат ва маҳаллий бошқарув тизимида ишлаши мумкин эмас. Телерадиокомпаниялар ўз ижодий маҳсулотларининг ярмидан кўпини қирғиз тилида тайёрлаши керак. Веб-сайтларнинг қирғиз тилидаги версиясида бошқа тиллардаги версиялардан кам ахборот жойлаштирилиши ҳам мумкин эмас. Айни чоқда, қонунда рус тили расмий лисон сифатида истифода этилиши қайд этилган.

Конституциявий ҳужжат 17 июль куни мамлакат президенти Садир Жапаров томонидан имзоланди.

Расмий Москванинг бир замонлар ўз қаламравида бўлган, айни пайтда эса суверен мақомга эга давлатларга тил сиёсати борасида ақл ўргатиши янгилик эмас.

2020 йилда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистон Республикасининг расмий доираларда давлат тили устувор бўлишини белгиловчи қонун лойиҳасига ҳам эътироз билдирган эди.

Кремль жарчиларидан бўлган хоним Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритишга қаратилган қонун лойиҳасининг тарафдорлари жуда озчиликни ташкил этишини иддао қилган эди. Бу ҳол Россиянинг «катта оғалик» кайфиятидан воз кечиши мушкул кечаётгани, империячилик қутқуси асорати ўлароқ баҳоланганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг