Россиялик депутат Марказий Осиё вакилларини урушга юборишни таклиф қилди
Россия Давлат думаси депутати Михаил Матвеев Марказий Осиё вакиллари Украинадаги «махсус ҳарбий амалиёт»га юборилмаётганидан таажжуб изҳор қилди.
«Россияга ҳар йили Ўрта Осиёдан дивизия бўлиб эркаклар келади ва Россия фуқаролигини олади (биргина жорий йилнинг дастлабки чорагида россияликлар сафига 45 минг тожикистонлик қўшилган). Лекин биз негадир уларни фронтда кўрмаяпмиз? Муаммо нимада, нега улар сафарбар этилмаяпти? Қани тожик батальонлари?» – деб ёзди Михаил Матвеев Телеграмдаги расмий саҳифасида.
Депутат Марказий Осиё вакиллари қўшфуқаролик тартиби сабаб Россия армиясига жалб этилмаётган бўлиши мумкинлигини қайд этган.
«Фронтга жўнаш вақти келди, йигитлар! Қонунчиликни ўрганиб, тузатишлар тайёрламоқдаман. Агар ҳамма гап икки фуқароликда бўлса, уни ё тақиқлаш, ё қонунчиликка шу тоифа шахсларни сафарбар қилишга имкон берувчи тузатиш киритиш керак. Россия фуқаролиги берган ҳуқуқлар: бола пули, оналарга кўмак, имтиёз ва нафақалар бор-у, мажбуриятлар, хусусан, ҳарбий хизмат йўқ. Ғалати ҳолат эмасми?» – дейди Давлат думаси вакили.
Жорий йил январь ойида Россия Федерацияси Тергов қўмитаси бошлиғи Александр Бастрикин ҳам мамлакат фуқаролигини олган Марказий Осиё ва Кавказорти ўлкалари вакилларини урушга юбориш лозимлиги ҳақида гапирган эди.
Мулозим хорижликлар ҳарбий хизматни четлаб ўтган ҳолда Россия фуқаролиги имкониятларидан фойдаланаётганини даъво қилган.
«Охирги 5 йилда Ўрта Осиё ва Кавказорти мамлакатларидан келган бир миллиондан зиёд шахс, жумладан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан 550 минг киши фуқаролик олди. Хусусан, 2022 йилнинг биринчи ярмида мазкур давлатларнинг 60 мингдан зиёд вояга етган фуқароси Россия фуқаролигига ўтди. (Фуқаролик) ҳуқуқлар бериб қолмай, айни чоқда, қабул қилувчи мамлакатни ҳимоя қилиш бўйича конституциявий мажбуриятларни ҳам кўзда тутади», – деган РФ Тергов қўмитаси бошлиғи.
Сўнгги вақтларда Россия фуқаролигини олмай, у ерда тирикчилик қилаётган меҳнат муҳожирларини ҳам турли йўллар билан Украина урушига юбориш ҳолати кўпаяётгани айтилмоқда.
Вашингтондаги Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоботига кўра, Россия Ички ишлар вазирлиги меҳнат муҳожирларини урушга ёллаш жараёнини осонлаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини таклиф этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter