Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Швеция аҳолини уруш эҳтимоли сабабли нақд пул жамғаришга чақирмоқда

Швеция аҳолини уруш эҳтимоли сабабли нақд пул жамғаришга чақирмоқда

Фото: Bloomberg

Швеция Марказий банки (Riksbank) мамлакат фуқароларига мурожаат қилиб, ҳар бир катта ёшли киши уйида камида 100 доллар (тахминан 1000-1100 швед кронаси) миқдорида нақд пул сақлаши шартлигини тавсия қилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Банк тушунтиришича, замонавий урушлар ва гибрид ҳужумлар пайтида банк инфратузилмаси, рақамли тўлов тизимлари ва интернет иловалар биринчи бўлиб ишдан чиқиши мумкин. Бундай шароитда нақд пул аҳолига энг зарур нарсаларни — озиқ-овқат, дори-дармон ва ёқилғини сотиб олиш учун камида бир ҳафтага етиши керак. Швеция дунёдаги энг кўп рақамлашган иқтисодиётлардан бири бўлгани сабабли, тўлов тизимининг тўхтаб қолиши миллий хавфсизликка жиддий таҳдид сифатида кўрилмоқда.

Reuters ва Bloomberg хабарларига кўра, тайёргарлик фақат нақд пул билан чекланиб қолмаяпти. Шимолий Европа давлатлари (Швеция, Норвегия, Финляндия, Дания ва Исландия) Германия, Полша ҳамда Болтиқбўйи мамлакатлари билан биргаликда аҳолини эвакуация қилиш бўйича қўшма режаларни ишлаб чиқишга киришган.

Аввалроқ Швеция ҳукумати миллионлаб хонадонларга «Агар инқироз ёки уруш келса» номли янгиланган қўлланмаларни тарқатган эди. Унда аҳолига сув, консерваланган овқатлар ва иссиқ кийимлар захирасини қилиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган.

Мутахассисларнинг фикрича, бундай чоралар аҳоли орасида ваҳима уйғотиш учун эмас, балки ҳар қандай ташқи тажовузга нисбатан жамиятнинг чидамлилигини ошириш учун амалга оширилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг