СССР фойдасига жосуслик қилган собиқ МРБ ходими қамоқхонада вафот этди
АҚШ Марказий разведка бошқармасининг (МРБ) собиқ ходими Олдрич Эймс жосуслик учун умрбод қамоқ жазосини ўтаётган пайтида 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда АҚШ қамоқхоналар бюроси маълум қилди.
Эймс МРБда 31 йил хизмат қилган ва совет йўналишидаги контрразведка бўлимига раҳбарлик қилган. Тергов маълумотларига кўра, у 1985–1993 йиллар орасида СССР ва кейинчалик Россия фойдасига махфий маълумотларни сотган. Бу маълумотлар туфайли АҚШ фойдасига ишлаган бир неча ўнлаб агентлар фош этилган ва камида ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган.
Эймс Кремлга АҚШ билан ҳамкорлик қилган россиялик агентлар исмларини топширган. Унинг фаолияти МРБнинг махфий операцияларига жиддий зарар етказган ва АҚШ президентлари Рональд Рейган, Жорж Буш (катта) ва бошқа раҳбарлар нотўғри маълумотлар билан таништирилган.
Эймс ва унинг рафиқаси Розарио шубҳали даражада бой ҳаёт тарзи олиб боргани – қиммат автомобиллар, Швейцария банк ҳисоблари ва катта харажатлар – ортидан фош этилган ва у 1994 йилда ҳибсга олинган эди.
Бу иш АҚШ–Россия муносабатларида жиддий кескинликка сабаб бўлган. Ўшандаги МРБ раҳбари Жеймс Вулси истеъфога чиққан, агентликда кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилган.
АҚШ президенти Билл Клинтон Эймс ишини «жуда жиддий» деб атаган, Кремль эса бу воқеани аҳамиятсиз деб баҳолаган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter