Суданда 600 мингдан ортиқ инсон очарчиликдан азият чекмоқда
Фуқаролар урушидан азият чекаётган Суданда очарчилик ҳукм сурмоқда. БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ва ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Африка шимоли-шарқида жойлашган ушбу мамлакатда очарчиликдан азоб чекаётганлар сони 638 минг нафарга етди. 2025 йилда бу рақам бир миллиондан ошиши мумкин.
Айниқса, ҳосил йиғиб олинадиган мавсумда одамлар очарчиликка йўлиққани хавотирли, ҳатто кўплар очликдан ўлмоқда.
«Одамлар тобора кучдан қоляпти ва нобуд бўлмоқда, чунки улар ойлаб озиқ-овқатдан маҳрум», — деди БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури эксперти Жан-Мартин Бауэр.
Вазият ўта қалтис. Судан аҳолисининг қарийб ярми — 24 млн кишига озиқ-овқат етишмаяпти.
БМТ таснифига кўра, очарчилик — озиқ-овқат инқирозининг ўткир шакли, уй-хўжаликларининг 20 фоизи овқат етишмаслигидан қийналади ва кунига ҳар 10 минг кишига ҳисоблаганда камида икки нафар катта ёшли инсон ёки тўрт нафар бола тўйиб овқатланмаслик оқибатида вафот этади. Судан 15 йил давомида очарчилик эълон қилинган дунёдаги учинчи мамлакат (Жанубий Судан ва Сомалидан сўнг).
Судандаги очарчилик сабаби — фуқаролар уруши. 2023 йил апрелидан буён ҳукумат раҳбари Абдулфаттоҳ ал-Бурҳон ва унинг собиқ ўринбосари Муҳаммад Ҳамдон Дагло ўртасида Суданни қўлга киритиш учун қонли кураш кечмоқда.
Гарчи сўнгги 20 ой ичида Судандаги уруш жаҳондаги энг йирик гуманитар инқирозга айланган бўлса-да, халқаро ҳамжамият бунга панжа ортидан қараяпти. 24 мингдан зиёд суданлик ҳалок бўлган, 13 миллион нафари қочоққа айланди, шундан 3,2 миллиони қўшни мамлакатлар — Чад, Миср ва Жанубий Суданга қочиб ўтиб жон сақлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter