Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурияга урушдан ҳам хатарли офат ёпирилмоқда

Сурияга урушдан ҳам хатарли офат ёпирилмоқда

Фото: «AA»

Қарийб 10 йилдан буён уруш давом этаётган Сурияда қашшоқлик ва очлик кун сайин кучайиб бормоқда. БМТнинг озиқ-овқат масалалари бўйича агентлиги маълумотига кўра, мамлакатда 12,4 миллион киши (аҳолининг 60 фоизи!) очлик исканжасида қолмоқда. Ҳолбуки, 2020 йилнинг май ойида ҳам 9,3 миллион киши озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекаётган эди. 

«Очлик, қашшоқлик ва овқат тақчиллиги муаммосга рўбарў бўлган сурияликлар сафи шиддат билан кенгайиб бормоқда. Аксар оилаларда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам йўқлиги хавотир ва ташвиш уйғотмоқда», – дейди БМТнинг озиқ-овқат масалалари бўйича агентлиги вакили  Жессика Лоусон.

Уруш ва қирғинбарот яқингача минтақанинг маъмур ўлкаларидан бири саналган Сурия иқтисодиётини вайрон қилди, инфляция даражаси ошиб кетди. 2015-2020 йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 33 бараварга кўтарилди. Коронавирус пандемияси эса жафокаш халқ учун янада оғир синовга айланди.

Таҳлилчиларга кўра, уруш давомида аҳолининг салмоқли қисми бор-будидан, ҳатто қора кунлар учун сақлаб қўйган бисотидан ҳам мосуво бўлди. Минглаб оилалар тирик қолиш учун гуманитар ёрдамга кўз тикиб турибди. 

2011 йилдан буён Шом тупроқларида 387 минг киши ҳалок бўлди, миллионлаб аҳоли киндик қони тўкилган шаҳару қасабаларни тарк этишга мажбур бўлди.

Бир неча минг йиллик тарихга эга кўҳна шаҳарлар ер билан яксон этилди. Яқингача гуллар ифорига тўлган шаҳарларда бугун порох иси анқийди. Рим ва Византия салтанатларини кўрган қадимий иморатлар вайрон, кўп минг сонли аҳолининг бошпанаси кунфаякун этилди.

Сурияни геосиёсий кураш майдонига айлантирган йирик мамлакатлар ҳам, тожу тахтини сақлаб қолишга зўр бераётган ишбошилар ҳам кўп миллионли аҳоли очлик домида эканидан кўп-да хавотир олмаётганга ўхшайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг