Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Толибон» Ўзбекистон билан чегара ҳудудларга 10 минг аскар юбораётгани айтилмоқда

«Толибон» Ўзбекистон билан чегара ҳудудларга 10 минг аскар юбораётгани айтилмоқда

Фото: AP

Афғонистонни идора этиб турган «Толибон» ҳаракати Ўзбекистон ҳамда Тожикистон билан чегара ҳудудларга замонавий аслаҳалар билан қуролланган 10 минг нафар жангчини юбормоқда. Бу ҳақда «Толибон» қуролли кучлари бош штаби раҳбари Қори Фасиҳиддин Фитрат маълум қилган. 

«НАТО ва АҚШ намунаси бўйича энг замонавий техника билан қуролланган, мамлакат шимоли ва шимоли-шарқида жойлаштирилган 10 минг кишили кучли армия ҳар қандай қуролли ҳаракатга қарши тура олади», – деган Фасиҳиддин Фитрат.

Қисқа муддатда ҳарбий самолётлар ҳам сафга қайтишиҳамда аскарларни қўллаб-қувватлаши қўшимча қилинган.

Афғонистон шимолидаги Балх вилояти Ўзбекистон билан, шимоли-шарқидаги Қундуз, Тоҳар ва Бадахшон вилоятлари эса Тожикистон билан чегарадош саналади.

Таҳлилчиларга кўра, кўп сонли «Толибон» аскарлари шимол ва шимоли-шарққа юборилиши Аҳмад Масъуд бошчилигидаги Миллий қаршилик фронтига қарши узил-кесил зарба бериш мақсади билан боғлиқ.

КХШТ раҳбарияти ҳам Афғонистоннинг қўшни мамлакатларга таҳдиди борасида вазминлик ва эҳтиёткорликни маъқул кўрмоқда.

Кузатувчилар кўп сонли қўшиннинг чегарага яқин ҳудудга сафарбар этилиши Ўзбекистон ва Тожикистонга хавф туғдирмайди деб ҳисоблайди. Аммо Миллий қаршилик фронти билан кураш қочқинлар оқимининг ошишига олиб келиши мумкин.

«Толибон» ҳаракати Ўзбекистонга таҳдид солинмаслиги ҳақида ваъда бергани маълум. 2021 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация «Толибон» раҳбарияти билан музокаралар ўтказган.

«Биродар Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳудудидан ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги расмий Кобул томонидан қатъий билдирилди», – деб маълум қилган эди мамлакатимиз ташқи сиёсат маҳкамаси музокаралар якунида.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 15 августда «Толибон» ҳаракати деярли қаршиликсиз пойтахт Кобулни эгаллаган, президент Ашраф Ғани бошчилигидаги юқори мартабали мулозимлар мамлакатни тақдир ҳукмига ҳавола этиб хорижга қочиб кетган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг