Трамп Путин билан гаплашди, аммо Киевдагилар буни билишмаган – The Washington Post
Трамп ўтган пайшанба куни Путин билан телефонда гаплашган ва уни Украинадаги урушни авж олдиришдан огоҳлантирган. Бу ҳақида The Washington Post газетаси хабар берди.
Трамп, шунингдек, можарони тезкорлик билан ҳал этишга қаратилган кейинги музокаралардан манфаатдор эканини қайд этган.
WP’нинг хабар беришича, Трамп Путин билан суҳбатда «чегаралар масаласини ҳам қисқача кўтарган».
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам чоршанба куни Трамп билан суҳбатлашганди. Washington Post мақоласида айтилишича, Киев Трампнинг Путинга қўнғироқ қилгани ҳақида хабардор бўлган ва суҳбатга эътироз билдирмаган.
Бироқ, Украина Ташқи ишлар вазирлиги вакили Георгий Тихий бу маълумотни рад этди ва «Украина томони бу чақириқ ҳақида олдиндан хабардор қилингани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги»ни айтди.
Ғарб матбуотига кўра, Украина бўйича Трамп ва унинг иттифоқдошлари муҳокама қилаётган потенциал келишув Москва томонидан босиб олинган ҳудудларнинг бир қисмидан воз кечишни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, Москва Трампнинг қайтишига эҳтиёткорлик билан, лекин умуман ижобий муносабатда бўлди. Якшанба куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков «сигналлар ижобий. У, ҳеч бўлмаганда, қарама-қаршиликлар ҳақида эмас, балки тинчлик ҳақида гапиряпти», деганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter