Туркия Саудиянинг ҳарбий эҳтиёжларини қондиришга тайёрлигини айтди
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳақан Фидан Саудия Арабистонига Ҳусийлар ҳужумлари давом этаётгани сабабли айрим ҳарбий эҳтиёжлар пайдо бўлиши мумкинлигини айтди, дея хабар берди Reuters. У Туркия бундай эҳтиёжларни, хусусан, техник масалалар бўйича қондиришда муаммо бўлмаслигини билдирди.
Ҳақан Фиданнинг таъкидлашича, Саудия Арабистонининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига жиддий ҳужумлар кузатилмоқда. Унинг сўзларига кўра, Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасидаги келишув томонларнинг ўзаро бирдамлигини назарда тутади.
«Макка қўшма мудофаа келишуви» деб номланган уч томонлама ҳужжат август ойида имзоланган. Унга кўра, уч давлатдан бирига қуролли ҳужум қилинса, бу барча уч давлатга қилинган ҳужум сифатида баҳоланади.
Ямандаги Ҳусийлар июл ойида Саудия Арабистонига қарши денгиз блокадасини эълон қилганидан кейин мамлакатга ҳужумларни кучайтирган. Ҳужумлар Саудия шаҳарлари, энергетика инфратузилмаси ва денгиз ташувларига қаратилгани айтилмоқда.
19 сентябр куни Ҳусийлар Риёддаги «сезгир» ҳудудларга ракеталар ва дронлар билан зарба берганини маълум қилди. Бу хабар шаҳарнинг асосий аэропорти яқинида ёнғин ва катта тутун кўтарилгани ҳақидаги маълумотлардан бир неча соат ўтиб тарқалган.
Покистон ҳукумати эса Ҳусийлар ҳужумларига жавобан «Макка» келишуви доирасида ҳарбий ҳаракатлар бўйича муҳокамалар бўлмаганини билдирган. Шу билан бирга, мамлакат зарур вақт келганда ҳаракат қилишини айтган.
Фидан Саудия Арабистонининг АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушга жалб этилишини мақбул эмас деб баҳолаган. Унинг айтишича, Саудиянинг можарога қўшилиш нияти йўқ.
Туркия ташқи ишлар вазири можарони тўхтатиш бўйича барча томонларга таклифлар етказилганини ҳам маълум қилди. У янги таклифлар борлигини, аммо уларни томонлар қабул қилиши кераклигини айтди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter