Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Украина АҚШ манфаатларини кўзлаб Яқин Шарққа дронлар юборди

Украина АҚШ манфаатларини кўзлаб Яқин Шарққа дронлар юборди

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат Иорданияда жойлашган АҚШ ҳарбий базасини ҳимоя қилиш учун дронлар ва мутахассислар юборганини маълум қилди. Бу ҳақда у The New York Times нашрига берган интервьюсида айтди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, АҚШ томони ушбу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилган. Украина эса дронлар ва уларни бошқариш бўйича мутахассислар гуруҳини жўнатган.

«АҚШ бизга пайшанба куни мурожаат қилган эди, мутахассислар гуруҳи эса эртаси куниёқ йўлга чиқди», – деди Украина президенти.

Нашрнинг ёзишича, Вашингтон ҳозирча Украинадан ёрдам сўралгани ҳақида расмий изоҳ бермаган.

The New York Times нашрининг таъкидлашича, АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан тўқнашуви халқаро ҳамжамият диққатини Украинадаги урушдан чалғитиши мумкин. Бироқ айни пайтда бу Киев учун янги имкониятлар ҳам яратади.

Украина Яқин Шарқдаги АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Эроннинг зарбали дронларидан ҳимоя қилишда ўз тажрибаси ва технологияларини таклиф қилган.

Маълумки, Россия Украинада бир неча йилдан бери Эрон ишлаб чиқарган зарбали дронлардан фойдаланиб келмоқда. Шу сабабли Украина бу турдаги таҳдидларга қарши курашда катта тажриба орттирган.

Нашрга кўра, Киев бу орқали АҚШ воситачилигидаги тинчлик музокараларида ўз позициясини мустаҳкамлашга умид қилмоқда.

Айни пайтда Украина ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар маълум даражада таранглигича қолмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп яқинда Зеленскийни Россия билан тинчлик келишувига эришишда асосий тўсиқлардан бири деб атаган эди.

Зеленский эса Украина Яқин Шарқ давлатларига ёрдам бериш орқали дипломатик қўллаб-қувватлов олишни истаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, минтақадаги айрим давлатлар Россия билан мустаҳкам алоқаларга эга.

Шу билан бирга, у Эрон билан боғлиқ можаро Украина учун зарур бўлган мудофаа қуролларини етказиб бериш жараёнига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этди. Киев ўз дронларини бошқа замонавий ҳаво мудофаа тизимларига алмаштириш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг