Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Украина қарши ҳужуми қандай якунланади? Уч сценарий очиқланди

Украина қарши ҳужуми қандай якунланади? Уч сценарий очиқланди

Сўнгги ҳафталарда Украина қуролли кучларининг босиб олинган ҳудудларни қайтариб олишга қаратилган қарши ҳужуми кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. BBC нашри қарши ҳужум қандай якунланиши борасида уч сценарий ҳақида ёзди.

«Тунука назарияси». Сир эмас, тунука осонгина шаклга кирадиган, аммо анча мустаҳкам материал. Бу версия тарафдорларига кўра, Украина қуролли кучларига оккупантларни ўз ҳудудидан ҳайдаб чиқариш осон бўлмайди.  Аввало, Россия ҳарбийлари Украина қарши ҳужум бошлагунга қадар тайёргарлик учун кўп вақтга эга бўлди, махсус мудофаа иншоотлари барпо этди. Қолаверса, рус аскарлари сони ҳам хийла кўп. Ушбу назарияга кўра, украиналик ҳарбийлар фронт чизиғини бир неча километрга ортга сура олади, аммо шарқий ва жануби-шарқий ҳудудларида қайта назорат ўрната билмайди.

«Уруш тақдири жанг майдонида эмас, балки сиёсий келишувлар орқали ҳал этилади», – дейди BBC суҳбатлашган украиналик ҳарбий шифокор.

«Ёғоч назарияси». Бу тахминга мувофиқ, фронт чизиғи кучли зарбадан кейин ёрилиши мумкин, аммо буткул парокандаликка юз тутмайди. Украиналиклар ҳарбий-жанговар руҳи у  қадар баланд бўлмаган рақиб армиясига кучли зарба бериб, аста-секинлик билан ўзига тегишли ҳудудларни қайтариб олади. Аммо стратегик улкан ютуқлар катта инсоний қурбонлар талаб этади. Украина томони эса ҳудудлар учун инсоний талафотлар бериш йўлидан бормаслиги мумкин. Шунга кўра қарши ҳужум Россия армиясининг тор-мор этилиши билан якунланиши эҳтимоли кам. 

«Шиша назарияси». Ғарблик бир қатор ҳарбий экспертлар, юқори мартабали мулозимлар, масалан, Буюк Британия бош штаби раҳбари Тони Радакин фикрича, қарши ҳужум кўнгилдагидек кечмоқда. Бир неча ҳафта ёки ойлардан кейин Россия мудофааси шиша каби синади ва Украина 2022 йил 24 февралдан кейин қўлдан кетган ҳудудлари, ҳатто Қримни ҳам қайта ўз тасарруфига олади. Айни пайтда Украина томони ҳавода устун эмас, бу борада заифлик илгарилама ҳаракатни қийинлаштиради. Ушбу версия тарафдорлари тушкунликка тушмасдан, сабр билан вазиятни кузатишни тавсия қилади. Қарши ҳужумдаги муваффақиятга шубҳа қилмаётган Тони Радакин Россия армияси жанговар қобилиятининг деярли ярмини Украина заминида бой берганини таъкидлайди.

Украина ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти ҳам қарши ҳужум энди бошлангани, ҳали ютқизиқ ҳақида гапириш эрта эканини айтмоқда. Айни чоқда, Киев умумий натижа ғарблик ҳамкорлар ваъда қилинган ҳарбий аслаҳаларни нечоғли тез фурсатда етказишига боғлиқ деб ҳисоблайди. Жумладан, Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк қарши ҳужум муваффақиятига Ғарб ҳарбий техникасининг Киевга секин етказиб берилиши тўсқинлик қилаётгани ҳақида гапирган.

Президент Владимир Зеленский ҳам қарши ҳужум кутилганидан секин кечаётганини тан олган ҳолда, урушни Ҳолливуд фильми деб қабул қилмасликни уқтирган.

Ҳарбий экспертлар фикрича, Россия ҳарбийлари Украина қарши ҳужуми бошлангунга қадар улкан ҳудудларни миналаштириб чиққан. Зеленский ҳам ўз ватандошларини миналанган майдонларга жўнатишга шошилмасликни маъқул кўрмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШнинг Европадаги қўшинлари собиқ қўмондони, истеъфодаги генерал-лейтенант Бен Ҳожес Украина Россия устидан тезкор ғалаба қозониши учун Ғарб Киевга қирувчи учоқларни тез фурсатда тақдим этиши лозимлигини таъкидлаган эди.

«Ҳозирги даражада қўллаб-қувватлашда давом этсак, Украина шубҳасиз ғалаба қозонади. Аммо бунинг учун 5 йил керак бўлади ва ушбу вақт давомида кўплаб бегуноҳ инсонлар қони тўкилади», – деган собиқ қўмондон.

Эслатиб ўтамиз, Украина қуролли кучларининг Россия армиясига қарши ҳужуми июнь ойида бошланган. Буюк Британия мудофаа вазирлиги ҳисоботида Украина қўшини айрим ҳудудларда Россия мудофаасини ёриб ўтишга муваффақ бўлгани, яна айрим участкаларда қарши ҳужум секин кечаётгани баён қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг