Украинани тиклаш учун 10 йил ва қарийб 588 млрд доллар керак бўлади
Украинани урушдан кейин тиклаш учун яқин 10 йил ичида қарийб 587,7 миллиард доллар (тахминан 500 миллиард евро) керак бўлади. Бу ҳақда 23 февраль куни Украина ҳукумати, Жаҳон банки, Европа комиссияси ва БМТ томонидан тайёрланган қўшма ҳисоботда маълум қилинди. Ҳисоб-китоблар 2025 йил 31 декабрь ҳолатига асосланган.
Украина бош вазири Юлия Свириденко таъкидлашича, ушбу сумма мамлакатнинг 2025 йил учун прогноз қилинган номинал ялпи ички маҳсулотидан қарийб уч баравар кўп.
Ҳисоботга кўра, тикланиш харажатларининг энг катта қисми транспорт соҳасига тўғри келади – 96 миллиард доллардан ортиқ. Иккинчи ўринда уй-жой сектори бўлиб, унга 90 миллиард доллар керак бўлади.
Шунингдек:
- савдо ва саноат соҳаси – 63 млрд доллар,
- қишлоқ хўжалиги – 55 млрд доллар,
- портлашлар оқибатларини бартараф этиш ва ҳудудларни минадан тозалаш – қарийб 28 млрд доллар.
Мутахассисларнинг қайд этишича, кенг миқёсли уруш оқибатида Украинага етказилган тўғридан-тўғри зарар 195 миллиард доллардан ошган. Бу 2025 йил февраль ойида эълон қилинган баҳога нисбатан 19 миллиард долларга кўп. Энг кўп зарар фронтга яқин ҳудудлар ва йирик шаҳарларга етган.
2024 йилдаги ҳисоботда Украина тикланиши учун 10 йил давомида 524 миллиард доллар талаб этилиши айтилган эди. Янги рақам 12 фоизга ошган. Бу энергетика объектларига етказилган зарарнинг 21 фоизга кўпайиши ва портлар ҳамда темирйўл инфратузилмасига ҳужумлар сабаб транспорт соҳасида эҳтиёжларнинг 24 фоизга ортиши билан изоҳланади.
2025 йил охири ҳолатига кўра, мамлакатдаги уй-жойларнинг 14 фоизи шикастланган ёки вайрон қилинган. Бу уч миллиондан ортиқ хўжаликка таъсир кўрсатган.
2025 йил июлида ўша пайтдаги бош вазир Денис Шмыгаль Украина тикланиши учун 14 йил мобайнида 1 триллион доллар керак бўлишини айтган эди. У икки йирик жамғарма – 460 млрд евродан ортиқ хорижда музлатилган Россия активлари ва Россия хомашёси экспортига махсус солиқ ҳисобидан молиялаштириладиган «Украина жамғармаси» ҳамда қарийб 400 млрд евролик хусусий инвестициялар жамғармаси ташкил этиш таклифини илгари сурган.
Шу билан бирга, 2025 йил февраль ойида Шмыгаль Украина тикланиши учун тахминан 500 млрд евро керак бўлишини айтган, аммо бу сумма қайси муддатга мўлжалланганини аниқлаштирмаган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, уруш тугашидан қатъи назар, мамлакатни тўлиқ тиклаш узоқ муддатли, катта молиявий ва институционал саъй-ҳаракатларни талаб қилади.
Манба: worldbank.org


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter