Ички ишлар вазири канцлер Ангела Меркелга «густоҳлик» қилди (видео)
Германия ички ишлар вазири Ҳорст Зееҳофер ўз раҳбари – канцлер Ангела Меркель билан қўл бериб кўришишдан бош тортди.
Bild нашри эълон қилган видеолавҳада Меркелнинг Зееҳоферга кўришиш учун қўл узатгани, аммо вазир буни хушмуомалалик ила рад этгани, қўли ҳавода муаллақ қолган ҳукумат раҳбари эса саросимали кулиб қўйганини кўриш мумкин.
Қайд этилишича, ички ишлар вазири Ҳорст Зееҳофер ҳукумат раҳбарига «густоҳлик» қилиб бўлса-да, шифокорларнинг коронавирусдан эҳтиёт бўлиш борасидаги тавсияларига амал қилишга уринган.
Сўнгги кунларда Германияда коронавирус шиддат билан ёйилмоқда. Масалан, 29 февраль куни мамлакатда 66 нафар вирусга чалинган бемор рўйхатга олинган бўлса, 2 март кунига келиб улар сони 150 нафарга етди.
Берлин университети қошидаги Вирусология институти директори, профессор Кристиан Дростен аҳолининг салмоқли қисми ушбу дардга чалиниши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Хабарларга кўра, коронавирус хатари олмон жамиятида саросима ва хавотир уйғотган. Аҳоли оммавий равишда тиббий ниқоб, гигиеник гель ва ҳожатхона қоғози сотиб олишга киришган. Дўконлардан катта миқдорда консерва, макарон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилинмоқда. Аҳоли муҳофазасига масъул федерал агентлик фуқароларни саросимага тушмасликка чақирган ва хонадонларда 10 кунга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш кифоя эканини уқтирган.
Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан мамлакатга кириш-чиқиш чекланиши ёки сарҳадлар ёпилиши каби чоралар кўзда тутилмаганини маълум қилган. Вазирга кўра, мавжуд вазият бундай чора-тадбирларни тақозо этмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter