Халқаро жиноят суди бош прокурори Карим Хон лавозимидан четлатилди
Халқаро жиноят суди (ICC) бош прокурори Карим Хон суд ходималаридан бирига нисбатан узоқ вақт давомида таъқиб ва шилқимлик гумонланиб, ўз вазифасидан вақтинча четлатилди.
Суднинг бошқарув органи маълум қилишича, бу борадаги қарор 18 ой давом этган ўрганишлар натижасида қабул қилинган ва дарҳол кучга кирган.
Карим Хон барча айбловларни рад этмоқда. Унинг адвокатлари четлатиш қарорини «қонунга зид, адолатсиз ва етарли далиллар билан асосланмаган» деб атади.
Шу билан бирга, БМТ терговчилари ҳисоботида айбловларни тасдиқловчи асослар мавжудлиги қайд этилган бўлса-да, мазкур хулосани ўрганган уч нафар судья далиллар айбни «шубҳадан холи даражада» исботлаш учун етарли эмаслигини билдирган.
Ҳозирча Карим Хонга нисбатан жиноий айблов қўйилмаган.
Карим Хон 2021 йилдан буён Халқаро жиноят суди бош прокурори сифатида ишлаб келаётган эди. У Россия президенти Владимир Путин ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхуга нисбатан ҳибсга олиш ордерлари чиқарилиши билан халқаро миқёсда катта эътибор қозонган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter