Хитой ҳарбий элитасида кенг кўламли тозалаш ишлари олиб бориляпти
Хитойда Халқ-озодлик армияси (ХОА) олий раҳбариятига қарши мисли кўрилмаган кампания авж олмоқда. «Модернизация» ва «интизомий қоидабузарликларга қарши кураш» шиорлари остида Марказий ҳарбий кенгашга кирган юқори лавозимли генераллар сиёсий саҳнадан четлатилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда Си Цзиньпин атрофида шаклланган деярли бутун ҳарбий жамоа бугунга келиб лавозимидан олинган ёки иши терговга оширилган.
Энг эътиборли шахслар орасида — 2023 йилда коррупция айбловлари билан ишдан бўшатилган собиқ мудофаа вазири Ли Шанфу, армиядаги сиёсий ишлар бўйича собиқ раҳбар Мяо Хуа, шунингдек, 2025 йилда «фракциялар тузиш» айби билан партиядан чиқарилган Марказий ҳарбий кенгаш собиқ раиси ўринбосари Хэ Вэйдун бор.
2026 йил январь ойида эса генераллар Чжан Юся ва Лю Чжэньлига нисбатан ҳам тергов бошлангани маълум бўлди. Расмий баёнотларда улар «жиддий қонунбузилиши»да гумон қилинаётгани айтилган. Норасмий маълумотларга кўра, гап стратегик қурол-яроғ соҳасидаги жиддий муваффақиятсизликлар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.
Хитой бўйича эксперт Адриан Гайгес фикрича, бу жараёнлар навбатдаги партия қурултойи арафасидаги ҳокимият учун кураш билан боғлиқ.
«Си Цзиньпин «менга қарши чиққан ҳар ким мағлуб бўлади», деган аниқ сигнал юбормоқда. Бу ҳатто Чжан Юся каби шахслар билан ҳам содир бўлиши мумкин – у Хитойдаги энг юқори лавозимли генерал ва Си Цзиньпиннинг болаликдан дўсти ҳисобланади. Эҳтимол, Хитой раҳбари шундай қўрқув муҳитида ўз сафи ичида қаршиликка учрамасдан Тайванга ҳужум қилиш мумкин, деб ҳисоблаётгандир», – дейди Гайгес BILD нашрига берган изоҳида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter