Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги қон гуруҳи тизими ишлаб чиқилди

Янги қон гуруҳи тизими ишлаб чиқилди

Иллюстратив фото

Қон гуруҳлари бўйича халқаро референс-лаборатория (IBGRL) ва Бристол университети олимлари MAL деб номланган янги қон гуруҳи тизимини яратишди. Тадқиқот натижалари Blood журналида эълон қилинди.

Анъанавий тарзда қон биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи гуруҳларга таснифлаб келинади. Уларнинг ҳар бирида қизил қон таначалари (эритроцитлар) махсус сирт белгилари (антигенлар)га эга бўлади. Бироқ қон аслида янада мураккаб таркибга эга, ҳозирга қадар олимлар томонидан 360 дан ортиқ антигенларни ўз ичига олган 47 та қон гуруҳи тизими аниқланган.

Британиялик тадқиқотчилар ишлаб чиққан янги тизим қон гуруҳларини Mal оқсили орқали узатиладиган AnWj антигени бўйича таснифлашга асосланган. Олимларнинг фикрича, AnWj генотипи манфий одамларга мусбат генотипли қон қуйилиши салбий реакция бериши мумкин.

Ер аҳолисининг 99,9 фоизидан кўпроғида AnWj генотипи мусбат. Бироқ манфий генотипли одамлар ҳам бор. Манфий AnWj га кўпинча қон касалликлари ва айрим саратон турлари сабабчи бўлиши аниқланди. Саноқли одамлардагина «манфийлик» наслий омиллар билан боғлиқ.

Янги тизим ноёб қон хусусиятига эга шахсларни аниқлаш ва уларга қон қуйиш тартибини яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг