Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Зўравонликларда кимнинг қўли бор? Президент Тўқаев жавоб берди

Зўравонликларда кимнинг қўли бор? Президент Тўқаев жавоб берди

Январь ойи бошида Қозоғистонда рўй берган оммавий норозиликлар зўравонлик ҳаракатига айланиб кетгани маълум. Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатнинг «Хабар 24» каналига берган интервьюсида жамоатчиликни қизиқтираётган масала – зўравонлик ҳаракатлари ким томонидан содир этилгани хусусидаги саволга ҳам жавоб берди.

Қайд этилишича, зўравонлик ҳаракатлари аввалдан режалаштирилган ҳолда, ҳокимиятни босиб олиш мақсадида, хорижда тайёргарликдан ўтган жангарилар томонидан содир этилган. Айни чоқда, у айбдорлар борасида батафсил маълумот тергов жараёнидан кейин маълум қилинишини билдирди.

«Мен тергов натижаларини олдиндан башорат қилмайман, бу хато бўлур эди. Кўплаб жангарилар, жумладан, уларнинг етакчилари Олмаотани тарк этган, айримлари қишлоқларга, яна айримлари чегара оша қўшни мамлакатларга қочган», – деди Қозоғистон раҳбари.

Аввалроқ Европа парламенти тартибсизликлар бўйича тергов-текширувда халқаро ҳамжамият ҳам иштирок этиши мақсадга мувофиқлигини уқтирган эди. Қосим-Жўмарт Тўқаев бу борада халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўралмаслиги, мамлакат тергов-текширувни мустақил ўтказишга қодир эканини таъкидлаган.

Оммавий норозилик зўравонликка айланиб кетгач, ҳуқуқ-тартибот идоралари буйруғига бўйсунмаган террорчилар ўққа тутилиши ҳақида огоҳлантирилганди. Мазкур қарор турлича баҳолангани маълум. Бу борада ҳам изоҳ берган Қозоғистон президенти давлат ва фуқаролар хавфсизлиги кескин қарорни талаб этганини таъкидлаган.

Суҳбат жараёнида Қозоғистонга КХШТ тинчликпарвар қўшини киритилиши масаласига ҳам ойдинлик киритилган.

Айрим таҳлилчилар КХШТ қўшини киритилиши ортидан Қозоғистон Россия олдида қарздор бўлиб қолганини ёзди. Президент Тўқаевга кўра, тинчликпарвар қўшин киритилиши арафасида Кремль тарафидан «сиздан угина, биздан бугина» қабилида бирор шарт қўйилмаган. Қозоғистон етакчиси тинчликпарвар контингент таркибида Россиядан ташқари Беларусь, Тожикистон, Қирғизистон ва Арманистон ҳарбийлари ҳам борлигини эслатиб ўтган. 

«Хабар 24» каналига интервью чоғи Қозоғистон раҳбари конституцияга мувофиқ икки муддатдан ортиқ президентлик лавозимини эгалламаслиги, бу борада асосий қонунга ўзгартириш киритилмаслигини ҳам алоҳида қайд этган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев суҳбат давомида мамлакатда сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказилиши, хусусан, парламент ва партия тизими такомиллаштирилиши бўйича режалар билан ҳам ўртоқлашган.

Қозоғистон президенти жорий йил 28 январь куни «Nur Otan» партиясининг навбатдан ташқари машваратида ҳам партия ва сиёсий тизимни ислоҳ этиш заруратига урғу берган эди.

«Партияларнинг келгусидаги фаолияти уларнинг сайловолди ваъдаларга қанчалик содиқ эканига боғлиқдир. Реалликдан йироқ, қоп-қоп ҳавойи ваъдалар билан одамлар қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириш ярамайди. Оз бўлса ҳам соз бўлгани яхши. Ҳаёт ҳақиқатидан йироқлашмаслик керак. Шу боис партиялар ҳукумат ҳамда ҳокимликлар билан биргаликда сайловолди ваъдалар ижросини тўлиқ тафтиш этиб чиқиши лозим», – деган Қозоғистон етакчиси.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг