«Volkswagen» 100 минг иш ўрнини қисқартиришни режалаштирмоқда
«Volkswagen» Германиядаги тўртта ишлаб чиқариш майдонини ёпиш ва умумий иш ўринлари қисқаришини 100 минг нафаргача етказиш масаласини муҳокама қилмоқда. «Reuters» манбаларига кўра, ушбу режалар 9 июл куни бўлиб ўтадиган кузатув кенгаши йиғилишида кўриб чиқилади.
Манбаларнинг айтишича, Ганновер, Цвиккау, Эмден заводлари ҳамда «Audi»нинг Неккарзульмдаги корхонаси ёпилиши мумкин. Бу қарор 45 мингдан ортиқ иш ўрнига хавф туғдиради. Агар режа амалга ошса, 2024 йил охирида касаба уюшмалари билан келишилган 50 минг иш ўрни қисқартирилишига яна қўшимча қисқартиришлар қўшилади.
Компания бош директори Оливер Блюме ушбу таклифларни ҳафтанинг бошида юқори раҳбариятга тақдим этган. Унинг мақсади бошқарув жамоасини чуқур ислоҳотлар атрофида бирлаштиришдан иборат. Бироқ режалар касаба уюшмалари ва компаниянинг иккинчи йирик акциядори ҳисобланган Қуйи Саксония ҳукумати қаршилигига учраши кутилмоқда.
«Manager Magazin» хабарига кўра, компания келаси беш йиллик инвестиция дастурини тахминан 15 фоизга қисқартириб, уни 130 миллиард евродан сал кўпроқ миқдорда белгилашни ҳам режалаштирмоқда.
Нашр маълумотига кўра, Оливер Блюме ва молия директори Арно Антлиц «Volkswagen»нинг асосий бренди ҳамда эҳтиёт қисмлар бизнесини алоҳида тузилмаларга ажратиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
Компания расмий вакили махфий ҳужжатларга изоҳ беришдан бош тортди. Шу билан бирга, у «бутун гуруҳ, барча брендлар ва шуба корхоналар чуқур ўзгаришлардан ўтиши шарт», дея таъкидлади. «Volkswagen» ишчилар кенгаши ва «IG Metall» касаба уюшмаси эса бундай режаларга қарши кескин курашишини маълум қилди.
«Volkswagen» сўнгги йилларда импорт божлари, электромобилларга ўтиш харажатлари ҳамда хитойлик ишлаб чиқарувчиларнинг кучайиб бораётган рақобати босими остида қолмоқда.
«AlixPartners» маълумотларига кўра, Хитойда хорижий автомобил ишлаб чиқарувчиларнинг бозор улуши 2020 йилдаги 57 фоиздан 2025 йилда 32 фоизгача қисқарган. «Volkswagen» эса 2024 йилда мамлакатдаги етакчиликни «BYD»га бой берган ва 2025 йилда учинчи ўринга тушиб қолган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter