Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жиззахда 2020 йилдан Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарила бошлайди

Жиззахда 2020 йилдан Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарила бошлайди

Volkswagen Caddy модели

«Ўзавтосаноат» АЖ ва «Фольксваген Груп Рус» Ўзбекистонда енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича ҳамкорлик тўрисида келишув имзолади.

Қайд этилишича:

  • Енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш «Жиззах» ЭИЗда жорий этилади. 
  • Завод ишлаб чиқариш қуввати – йилига 20 000 дона автомобиль.
  • Лойиҳа «Ўзавтосаноа» АЖнинг маҳаллий корхоналари базасида, Volkswagen концерни ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

«Ўзавтосаноат» АЖ ва «Фольксваген Груп Рус» компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаш маросими «Ўзавтосаноат»да бўлиб ўтди. Келишув предмети «Жиззах» ЭИЗда «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ базасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек ишлаб чиқарилган техникани сотиш тизимини йўлга қўйишдан иборат. Завод Volkswagen концернининг йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган бир неча моделдаги енгил тижорат автомобилларини тўлиқ саноат цикли бўйича ишлаб чиқаришга ихтисослашади.

«Фольксваген Груп Рус» янги замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва жараёнларини тақдим этади, шунингдек ходимларни ўқитишни амалга оширади. Завод Volkswagen концернининг ишлаб чиқариш, сифат, харидлар, етказиб бериш ва сотув тизимлари бошқаруви борасидаги замонавий стандартларига мувофиқ иш юритади. Шунингдек, корхона режаларига маҳаллий автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларини (бугунги кунда улар «Ўзавтосаноат» АЖга тегишли 30 та йирик завод ва 160 дан зиёд ўрта ҳамда кичик корхоналардан иборат) жалб қилиш орқали муайян маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш ҳам киради.

Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 000 дона автомобилга тенг бўлади.

Аҳолиси сони 34 миллион кишидан ортиқ бўлган Ўзбекистон саноат ишлаб чиқариш, кичик ва ўрта бизнеснинг янада ривожланиши учун йирик салоҳиятга эга. Мамлакатда енгил тижорат автомобилларининг бозори ўсиш учун истиқболли сегмент саналади.

«Енгил тижорат автомобиллари сегменти бугунги кунда Ўзбекистон автомобиль бозоридаги ягона ўзлаштирилмаган йўналиш саналади. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллий автомобиль саноати тараққиётида янги салмоқли қадамни қўйиш имконини беради. Янги қўшма корхона, аҳолининг бандлигини ошириш баробарида, Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқаришнинг янада ўсишига хизмат қилади», қайд этган «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси жаноб Шавкат Умурзоқов.

Битим доирасида томонлар ҳамкорликни 2020 йилда Volkswagen Caddy моделини ишлаб чиқариш ва сотиш билан бошлашга келишиб олдилар, у иккита модификацияда таклиф этилади: 7 ўринли йўловчи универсали ва юк фургони. Ушбу модель ҳам тижорат, ҳам оилавий фойдаланишга мўлжалланган. Автомобиль қуввати 110 о.к. ва ҳажми 1,6 литрли тежамкор бензинли двигатель  билан жиҳозланади. Шаҳар цикли режимида ёқилғи сарфи 100 км.га 9,3 л., трассада – 100 км.га 6,1 л.га тўғри келади.

Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида келажакда Volkswagen Group концернининг кенг моделлар қаторидан бошқа намуналарни ҳам ишлаб чиқариш ва келтириш имконияти кўриб чиқилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг