Бола боғча эшигида қоладиган энг катта омонат
Наманганда 5 ёшли қизга нисбатан қилинган жинсий зўравонлик билан боғлиқ ҳолат жуда кўп саволларни муҳокамага чиқарди: ота-она фарзандини боғчага топширганда, уни кимга ишонади?
– Бундан кейин уйда ўтирасан, қизимизни боғчага бермаймиз. Ўзим рўзғорни бир нави қилиб тортарман, онаси...
– Ўзим ҳам қўрқиб қолдим, дадаси. Аммо, қийналиб қоласиз-да?
– Э-э, ҳечқиси йўқ. Ҳали у боғчада зўравонлик, ҳали бу боғчада калтаклаш, энди буниси жуда ортиқча... Хавотирдаман!
Бу оддий оилавий суҳбатдек туюлади. Аслида эса бугун кўплаб ота-оналарнинг ичидан ўтаётган қўрқувнинг акс-садоси.
Юқоридаги вояга етмаган қизга жинсий зўравонлик билан боғлиқ ҳолат ҳақидаги хабар жамоатчиликни ташвишга солди. Айниқса, ҳар куни фарзандини боғчага етаклаб борадиган ота-оналар учун бу воқеа «Болам у ерда хавфсизми?” деган саволни янада қаттиқроқ қўйди.
Ота-она боласини боғчага олиб боради. Эшик олдида унинг қўлидан ушлаб, кийимини тўғрилайди, пешонасидан ўпади.
– Яхши ўтиргин, болам, мен сени кечқурун олиб кетаман.
Бола бунга ишонади. Ота-она эса тарбиячига, мудирага, муассасага, болани ҳимоя қилиши керак бўлган бутун тизимга ишонади. Аммо бола ҳар қандай хавфни катталардек англай олмайди. Ўз ҳуқуқини талаб қилиш имконидан йироқ. Қўрқса, кўпинча жим ўтиради. Уялса, гапирмайди. Нима бўлганини тушунтиришга сўз тополмаса, воқеани ичига ютиб юради. Шунинг учун боғча эшигидан кирган бола билан бирга катта масъулият ҳам муассаса ичига киради.
Ривоятлардан бирида бир куни бола отасидан сўрабди:
– Ота, одамлар нега катта бўлгач, ҳамма нарсани биладиган бўлиб қолади?
– Чунки, улар кўп нарсани кўрган бўлади, — деб жавоб берибди ота.
Бола бироз ўйлаб туриб:
– Унда нега катталар болаларни эшитишмайди? Биз улар кўрмаган нарсани кўрган бўлишимиз мумкин-ку? — дебди.
Ота жим қолибди.
Бу кичик ривоятда катта ҳақиқат бор: бола ҳам кўради, сезади, қўрқади, оғрийди. Фақат уни катталардек ифода эта олмайди. Шу боис боланинг жимлигини «ҳаммаси жойида» деб тушунмаслик керак.
Бола ишонади. Катталар-чи?
Яқинда бир ёш она сўзлаб берган воқеа ҳам кишини чуқур мушоҳадага чорлайди. Унинг айтишича, фарзанди бир неча кун давомида боғчадан ваҳима ичида қайтган. Тарбиячи унга бақирган, ҳатто: «Онангга айтсанг, сени ўлдираман», — деб таҳдид қилган. Ходим эса буни инкор этиб: «У бир бола бўлса, шунга ишонасизми?!» — дея ўзини оқлаган. Аслида эса бола тўғри гапирган эди, унинг қўрқуви бежиз эмаслиги тез орада маълум бўлди.
– Ҳартугул, бор кучим билан киришиб, вазиятни ойдинлаштирдим. Тарбиячи нафақат менинг фарзандимни, балки бошқа болаларни ҳам қўрқитиб, камситиб, уларга доимий равишда бақириб келган экан... — дейди она куюниб.
Бугун қайсидир ота-она ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб овоз чиқарса, уни дарров «шантажчи», «шовқинчи» ёки «вазиятни бўрттирувчи»га чиқариб, ундан узоқлашишга уринишади. Аслида эса бунга жигарбандининг тақдиридан хавотирга тушаётган ота-онанинг табиий муносабати деб қараш лозим. Ҳатто энг оғир вазиятларда ҳам болалар бўлиб ўтган воқеани сўзлаб беришга қийналади. Бола гапирганда, унинг овози катталарнинг ҳайқириғи остида қолиб кетмаслиги керак. У қўрқиб эмас, балки катталарга ишониб гапира олсагина, жамоатчиликни ташвишга солаётган боғчалар ичкарисидаги оғриқли муаммоларга ҳақиқий ечим топилади.
Боғча деганда кўз олдимизга ранг-баранг деворлар, ўйинчоқлар, шинам хоналар, ётоқхона ва ошхона келади. Бироқ бола учун бу маскан фақатгина бино ва деворлардан иборат эмас. У ерда гўдакнинг бутун ҳаёти — овқатланиши, ухлаши, ўйинлари, қувончу кўз ёшлари ҳамда қўрқувлари ўтади. Шу сабабли боғчадаги ҳар бир катта ёшли ходим бола тақдирининг муайян қисмига жавобгардир. Тарбиячи шунчаки оддий ишчи, мудира эса шунчаки раҳбар эмас. Тизимдаги ҳар бир шахс — болалар хавфсизлигининг ажралмас қисми. Агар шу қисмлардан бири вазифасини лозим даражада бажармаса, муаммо битта хона доирасида қолиб кетмайди, балки бутун тизимга путур етказади.
Намангандаги ҳолат жамоатчиликнинг ҳиссиётли муносабатларидан ҳам каттароқ ва жиддий саволларни келтириб чиармоқда. Мудҳиш воқеа аслида қачон ва қаерда содир бўлган? Унда кимлар иштирок этган ва ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб ким хабар берган?
Наҳотки боғча раҳбарияти воқеадан гўёки кейин хабар топган бўлса? Нега мудира бола билан боғлиқ ҳолатни очиқ-ойдин ўрганиш ўрнига вазиятни хаспўшлашга, уни жамоатчиликдан яширишга уринди? Айбсиз бўлса, нега текширувдан қўрқиш керак? Нега ҳақиқат аниқланишидан эмас, балки унинг ошкор бўлишидан хавотирга тушиш керак?
Вояга етмаган қизалоқ ёлғиз ташқарилашга чиқса-ю, тарбиячи хабарсиз қолса: у қачон чиқиб кетган, қачон ва қандай аҳволда кириб келяпти, у ҳеч нима билмайди гўёки. Наркотик қабул қилган хўжалик бўлими мудири жинсий зўравонликни такроран содир этиб келган-у боғча мудираси билмайди гўёки. Ишга қабул қилинаётганда, хўжалик мудирининг қайси жиҳатлари қўллаб-қувватланиб, муносиб вазифага қўйилган? Вазиятдан силлиқ чиқиб кетишга уринаётган боғча мудираси ҳеч ўз фарзанди ёки неварасини шундай аҳволда кўз олдига келтирармикин?
Ҳар қандай гумонли ҳолатда биринчи вазифа, албатта, боланинг хавфсизлигини таъминлаш, воқеани холис ўрганиш ва қонун талаблари асосида барча дахлдор шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлланилиши.
«Бости-бости» болани ҳимоя қилмайди
Болаларга нисбатан зўравонликнинг энг хавфли кўриниши — уни хаспўшлаш ва яширишга уринишдир. «Оилавий сир», «Бола нотўғри тушунган», «Вазиятни бўрттирманг», «Муассаса обрўсига путур етади» қабилидаги ёндашувлар муаммони асло ҳал этмайди. Аксинча, бундай лоқайд муносабат мавжуд хавфни навбатдаги болага олиб ўтади, холос.
Маълумки, Ўзбекистонда 2024 йилда «Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унда болаларни зўравонликнинг турли шаклларидан ҳимоя қилиш, хавф остидаги болаларни аниқлаш ва ваколатли органларни хабардор қилиш механизмлари белгиланган. Худди шунингдек, 2026 йил, 11 сентябрдаги ЎРҚ-1174-сон Қонун билан таълим ва тарбия ташкилотларида болага нисбатан жисмоний зўравонлик, камситиш ёки хўрлаш учун янги жавобгарлик чоралари белгиланди. Ушбу қарор болага қўл кўтариш, уни таҳқирлаш ёки руҳий босим ўтказиш «тарбия усули» эмаслигини кўрсатади.
Демак, болага нисбатан зўравонлик фақатгина жисмоний шикаст ёки тан жароҳати етказиш билангина ўлчанмайди. Гўдакни қўрқитиш, руҳан хўрлаш ва камситиш ҳам жиддий ҳуқуқий масаладир. Амалдаги қонунчиликда болаларни зўравонликнинг барча кўринишларидан ҳимоя қилиш принциплари қатъий белгилаб қўйилган. Хулоса шуки, қонун ҳам бу борадаги жавобгарлик ва масъулиятни тобора кучайтирмоқда.
Бола ҳуқуқи чўнтакка қараб...ми?
Муаммо фақатгина зўравонлик билан чекланиб қолмайди. Муассаса хусусий ёки давлат тасарруфида эканлигидан қатъи назар, таниш-билишчилик, «навбати ҳали келмади» қабилидаги баҳоналар ҳамда имконияти чекланган оилалар фарзандларининг боғча остонасидан ортга қайтарилиши ҳам бола манфаатларига бутунлай зиддир. Чунки гўдак ота-онасининг ижтимоий мавқеи, таниш-билиши ёки чўнтагининг қалинлигига қараб баҳоланмаслиги лозим. Боғча эшиги олдида барча бола тенг бўлиши шарт: бу ерда кимнинг отаси кимлиги, қанча пул топиши ёки кимни таниши эмас, балки боланинг шахси ва унинг ўзи муҳим.
Афсуски, бу оддий ҳақиқатни ҳалигача англаб етмаган муассасалар йўқ эмас. Чўнтаги бақувват кишининг фарзанди учун ланг очилган эшиклар қўли калта оиланинг боласи учун ёпилган, таниш-билишчиликни бола ҳуқуқидан устун қўювчи тизимлар ҳануз «яшамоқда».
Боғча кимнингдир имтиёзи эмас, балки ҳар бир боланинг тенг ҳуқуқлилиги ва хавфсизлиги кафолатланиши лозим бўлган маскандир. Болалардан бирининг отаси мансабдор, бошқасиники ишсиз, бирининг онаси қимматбаҳо машинада келар, кимдир эса фарзандини пиёда етаклаб келар, эҳтимол. Аммо ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир боланинг ҳақ-ҳуқуқи ва хавфсизлик таъминоти бир хил бўлиши шарт. Бундай мезонларга кўз юмилаётгани эса, шубҳасиз, муассаса ичкарисидаги энг оғриқли нуқтадир. Мавжуд ички тўсиқлар етмаганидек, ҳимоясиз ва жисмоний жиҳатдан заиф болага нисбатан қилинаётган зўравонликлар жамиятнинг сабр косасини тўлдириши табиий.
Менинг болам эмас-ку...
Жамиятимизда бир оғриқли қараш бор: «Менинг болам эмас-ку...» Бироқ бугун бировнинг фарзанди дуч келган мудҳиш қисмат эртага сизу бизнинг ёки қўшнимизнинг жигарбанди бошига тушмаслигига ким кафолат беради? Шу боис ҳам бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фақатгина ота-онанинг бурчи эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулияти эканлиги бежиз таъкидланмаяпти.
Ота-она боғчадаги фарзандининг ҳар бир дақиқасини кузатиб ўтириш имкониятига эга эмас. У ишлайди, рўзғор тебратади, кундалик тирикчилик билан банд бўлади. Шу боис ҳам жигарбандини мактабгача таълим ташкилотига ишониб топширади. Демак, ота-она боғча эшигидан чиқиб кетган лаҳзадан бошлаб масъулият ғойиб бўлмайди, аксинча, ушбу улкан вазифа тўлиқ муассаса зиммасига ўтади.
Ҳар куни эрталаб ота-она фарзандини боғча эшиги олдига олиб келади. Бола қўлида кичик сумкача. Ичида кийим, ўйинчоқ, дафтар. Аммо, ота-она боғча опа сумкачадан кўра, каттароқ нарсани топширади. Ишончини. «Боламни асрайсиз» деган ишончни. Бола эса эшикдан кириб кетади. У катталарга, тарбиячига, боғчага ишонади. Бола ишончини масъулият билан ҳис қилиш эса бутун тизимнинг бурчи.
Намангандан мудҳиш ҳолатдан кейин энг катта савол: «Айбдорларга неча йил берилади?» эмас, «Эртага бошқа бир бола шу ҳолатга тушмаслиги учун бугун тизимда нимани ўзгартирамиз?» деган ҳақли савол туриши керак. Чунки бир мурғак қалб тақдирига етказилган зарарни энди ортга қайтариб бўлмайди. Бироқ унинг оғриғи бошқа болаларни асраш йўлида аччиқ сабоқ бўлиши лозим. Бунинг учун эса бола гапирганда уни эшитиш, қўрққанида ҳимоя қилиш ва катталарнинг хатосини «бости-бости» қилмаслик энг тўғри йўлдир.
5 ёшли қизалоқ тақдири билан боғлиқ жиноят аллақачон ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқий баҳоланган. Албатта, мансабдор ёки масъул шахс ўз вазифасини тўлақонлик бажармаган бўлса, у ҳам қонун доирасида баҳоланади. Энг муҳими, айбдорларни суд ва ваколатли органлар аниқлайди. Жамоатчилик эса ҳақиқат, шаффоф текширув ва бола манфаатлари ҳимоя қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Эртага бундай ҳолат такрорланмаслиги учун боғчаларда ички назорат қандай ишлаши, ходимлар болалар билан муомала қилиш бўйича қандай тайёргарликдан ўтиши ва ота-онанинг шикояти қайси тартибда кўриб чиқилиши аниқ белгилаб қўйилиши керак. Болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида маълумот олган масъул шахснинг ҳаракатлари ҳам, воқеани яширишга уринган ходимнинг жавобгарлиги ҳам очиқ ва шаффоф бўлиши шарт. Чунки, битта айбдорни жазолаш билан муаммо тугамайди. Тизим сабоқ олмаса, бу ҳолат яна қайтарилиши мумкин.
Бола боғча эшигида қолдириладиган энг катта омонат экан, уни кўз қорачиғидек асраш ва бу масъулиятни юракдан ҳис этиш ҳар бир ходимнинг қонуний ҳамда виждоний бурчидир. Омонатга хиёнат қилишга ҳеч кимнинг асло ҳаққи йўқ.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter