Бухоро кўчаларида «Аршин мол олон» кезди (фото)
«Аршин мол олон» опереттаси озарбайжонлик меҳмонлар ва бухоролик томошабинларга унутилмас таассурот улашиб, қардош халқлар дўстлигини санъат орқали яна бир бор намоён этди.
Қадимий Бухорода бўлиб ўтган Озарбайжон маданияти кунлари улкан тарих, миллий санъат ва қардош халқлар бирлигини намоён этган халқлар дўстлиги ва маданий мулоқот майдонига айланди. Шаҳарда ўтказилган «Озарбайжон маданияти кунлари»да озарбайжонлик меҳмонлар ўз халқининг бой маданияти, миллий санъати ва анъаналарини бухороликлар билан баҳам кўришди.
Тадбирларда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Рашад Маммадов, икки маданият вакиллари, санъаткорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, ижодкорлар ва маданият ихлосмандлари иштирок этишди. Тантанали учрашувларда ўзбек ва озарбайжон халқларини асрлар давомида боғлаб келаётган муштарак тарих, тил, урф-одатлар ва маънавий қадриятлар алоҳида таъкидланди.
— Ўзбекистон ва Озарбайжонни фақат қўшничилик ёки дипломатик муносабатларгина эмас, кўп асрлик тарих, муштарак қадриятлар ва халқларимиз ўртасидаги самимий меҳр-оқибат ҳам боғлаб туради. Бухоройи Шарифдек буюк тарихга эга шаҳарда маданиятимизни намоён этиш биз учун катта мамнуният. Бу учрашувлар халқларимиз ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлашига ишонаман, — деди Рашад Маммадов.
Маданият кунлари доирасида Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида ҳамда тарихий «Кўкалдош» мадрасасида маданий тадбирлар ташкил этилди.
Озарбайжоннинг миллий куй-қўшиқлари, жўшқин ижролари ва ўзига хос мусиқий анъаналари томошабинларга кўтаринки кайфият улашди.
Айниқса, Бухоро давлат университетида буюк озарбайжон бастакори Ҳожибековнинг машҳур «Аршин мол олон» опереттаси намойиши маданий дастурнинг ёрқин ифодаларидан бири бўлди.
— «Аршин мол олон» навоси Бухоройи Шарифнинг эски шаҳри бўйлаб таралганида, атрофда оёқ қўйгули жой топилмади. Одамлар шу қадар оқиб келишдики, уларнинг санъатга, мусиқа оҳангига ошуфталиги, қўшилишиб рақслар тушиб, ижроларни ўзлари давом эттириши бизнинг янада меҳримизни оширди, — деди жўшқинлик билан элчи.
Шунингдек, Озарбайжон элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг «Хорибулбул» театри труппаси томонидан саҳналаштирилган спектакль томошабинларга миллий театр санъатининг ўзига хос қирраларини кашф этиш имконини берди.
Рашад Маммадов Бухоро давлат университетида «Озарбайжон—Ўзбекистон тарихий-маданий алоқалари» мавзусида ўтган семинар-учрашувлардан катта таассурот олганини баён этди. Мазкур учрашувларда талабаларга ўзбек тилида нашр этилган «Ирс-Мирас» журналининг 2025–2026 йилги қишки сони тақдим этилди. «Озарбайжонни кашф этиш» шиори остида чоп этиладиган нашр тарих, маданият ва антропологияга оид материаллар орқали озарбайжон халқининг бой меросини ўзбек китобхонларига таништиришга хизмат қилади.
— Озарбайжонлик меҳмонларимизнинг Бухородан олиб кетадиган энг қимматли таассуротларидан бири, шубҳасиз, халқимизнинг кўрсатган меҳмондўстлиги ва самимий муносабати бўлди. Бу учрашувлар икки халқнинг бир-бирини янада яқинроқ англашига, ёш авлоднинг маданий меросга ҳурмат руҳида камол топишига ва янги ҳамкорлик ташаббусларига йўл очади, — деди вилоят ҳокими Ботир Зарипов.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter