Ҳокимнинг хоҳиши кучлими ёки қонун талаби?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 28 декабрь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатида суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, қарийб 25 йил олдин қабул қилинган кўплаб қонунларни бугуннинг талабидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Бундан ташқари, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш ҳам долзарб масалалар сирасига кириши қайд этилди.
Мамлакатимизда айни йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб жамиятда ижобий ўзгаришлар юз бераётгани ҳам ҳақиқат. Аммо, беш бармоқ баробар бўлмаганидек, жойларда оқилона сиёсат моҳиятини тушунмаётган мансабдорлар ҳали-ҳамон сақланиб қолаётгани тараққиётга тушов янглиғ кўзга ташланаверар экан. Жумладан, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида сайлов қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар юз бергани, бунга мутасаддиларнинг ўзи бош-қош бўлаётгани дилни хира қилади...
Олий суд қарори Ўртачирчиқда бажарилмади
Аввало, туманнинг номини тўғри ёзиш масаласига икки оғиз тўхталмоқ жоиз. Мазкур атама суд ҳужжатларида «Ўртачирчиқ» тарзида, туманнинг расмий хат(бланка)ларида «Ўрта Чирчиқ» шаклида баён этилган. Қайси тўғри? Мақолада қай бирини қўлласак ўқувчи олдида мулзам бўлмаймиз? Суд барибир судда, дея суд ҳужжатларидагисини танладик.
2018 йилнинг 15 апрель куни халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман Кенгашидаги бўшаб қолган ўринларга сайлов ўтказилади. 8-сайлов округида «O‘zLiDeP»дан Собиржон Эргашев, ХДПдан Наримон Хаитқулов, «Адолат» ва «Миллий тикланиш» ДПлардан Қурбонбиби Атакулова ва Иброҳимжон Иминовларнинг номзоди қўйилади. Туман сайлов комиссиясининг 2018 йил 15 апрелдаги 7-сонли қарорининг 1.2-бандида Собиржон Эргашев депутат этиб сайлангани эътироф қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисда»ги қонуннинг 46-моддасига асосан сайланган депутатлар рўйхати туман сайлов комиссияси томонидан алифбо тартибида депутатларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозими, сайлов округининг тартиб рақами ва номи кўрсатилган ҳолда матбуотда эълон қилинган («Машъал» газетаси, 2018 йил, 20 апрель). Ушбу рўйхатда Собиржон Эргашев ҳам кўрсатилган.
Интиқ кутаётганингиз ажаб ҳангомалар шундан сўнг бошланади. ХДП туман кенгаши раиси Эгамберди Эрназаров сайлов пайтида амалдаги қонунчилик бузилганини даъво қилиб, Ўртачирчиқ туман маъмурий судига ариза беради. Мазкур суднинг 2018 йил 21 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан шикоят қаноатлантирилиб, 8-округ сайлов комиссиясининг овоз бериш натижалари бўйича баёнлари ҳақиқий эмас, деб топилади. Тошкент вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси 2018 йилнинг 3 май куни туман маъмурий судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиради.
8-округ сайлов комиссияси раиси Г.Менглибоеванинг назорат тартибидаги шикоятини кўриб чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 30 июлдаги 7-467-18-сонли қарорига кўра, ҳам туман, ҳам вилоят судларининг қарорлари бекор қилинади. Иш янгитдан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилади.
Тошкент туман маъмурий судининг 2018 йил 10 сентябрдаги ажримига кўра, ХДП туман кенгаши раиси Эгамберди Эрназаровнинг мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган шикоят аризаси кўрмасдан қолдирилади.
Шундан сўнг, туман сайлов комиссияси раиси Толиб Ҳакимов юқоридаги суд ҳужжатларини асос қилган ҳолда 2018 йилнинг 26 сентябрида 8-сайлов округидан Собиржон Эргашев Халқ депутатлари Ўртачирчиқ тумани кенгаши депутати этиб рўйхатга олингани хусусида яна қарор чиқаради. Халқ депутатлари Ўртачирчиқ тумани кенгашидан ушбу қарорни навбатдаги сессияда тасдиқлаб беришни сўрайди. Таъбир жоиз бўлса, бу қарор сайлов натижалари бўйича бирламчи, ҳал қилувчи кучга эга ҳужжат саналади.
Лекин Ўртачирчиқдаги мансабдору мутасаддилар тўрт ойдан бери бу қарор ижросини турли баҳоналарни рўкач қилиб бажаришмаяпти. Нега шундай қиляпсизлар, нима учун Собиржон Эргашевни белгиланган тартибда рўйхатга олиб, унинг гувоҳнома ва кўкрак нишонини бермаяпсизлар, деб суриштирадиган мард топилмаяпти. Толиб Ҳакимов «копток»ни туман ҳокими, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси Олимжон Нурматовга, у киши эса ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Ўктам Аллаевга ошириш билан банд. Абжағи чиққан «копток»нинг оралиқдаги пайтлар ХДП туман кенгаши раиси Эгамберди Эрназаровнинг қўлида туриб қолишининг сабаблари хусусида турли тахминларни илгари суришдан йироқмиз.
Беихтиёр ўйлаб қоласан киши: ҳоким хоҳиши кучлими ёки қонун талаби? Шундай пайтда Президентимиз жойлардаги айрим амалдорларнинг ўзибўларчилиги ва коррупция балоси ҳақида бежиз ёниб-куймаётганини қалбдан ҳис қила бошлайсиз.
Факт шуки, ўша сайлов 2018 йилнинг баҳорида бўлганди. Мана, 2019 йилнинг кўкламига ҳам кўп қолмади. Бироқ натижа кўринмайди. Шу муддатнинг икки ойини «ўғирлаган» Олий судда ҳам масалага нуқта қўйилмади. Ҳам туман, ҳам вилоятда мавжуд ҳужжатларни обдон ўрганган Олий суд судьяси Ш.Саидов, Президентимиз куюнаётганидек, бутун масъулиятни зиммасига олиб, «Қарор қатъий, шикоятга ўрин йўқ» тарзида адолат болғасини барча эшитгудек қаттиқроқ тақиллатса бўлмасмиди!?
Сарсон ўзинг, саргардон ўзинг...
Ўзи тажрибали ҳуқуқшунос бўлатуриб Собиржон Эргашев ўша «иш»нинг янгитдан кўрилиши учун қайси туманга берилгани ҳақида ҳеч қаердан маълумот ололмагани ҳар қандай ақли расо одамни таажжубга солади. Вилоятдаги қуйи инстанция маъмурий судларини бирин-кетин айланиб чиқади. Охири Тошкент туман маъмурий судига берилганини билади.
Энг қизиғи, ХДП туман кенгаши раиси Эгамберди Эрназаровнинг Олий суд қароридан кейин ҳам, яъни 2018 йилнинг 6 октябрида шу ишни аввал кўрган Ўртачирчиқ туман маъмурий судига айни шикоят билан қайта мурожаат йўллаши ва суд уни қабул қилиши мантиқсизлик эканини ҳуқуқшунос бўлмаганлар ҳам тушунади-ку, ахир! Толиб Ҳакимов эса гўё билмайди. Шунинг учун ҳам Собиржон Эргашевга ҳамон гувоҳнома ва кўкрак нишонини топширмаяпти.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонунининг 47-моддасига асосан депутатнинг гувоҳномаси ва кўкрак нишони туман сайлов комиссияси томонидан берилади. Толиб Ҳакимовдан нима учун ўз вазифасини охиригача бажармаганини сўраганимизда гувоҳнома ва кўкрак нишонини қаердан олишини билмаётганини айтди. Тилга олинаётган қонуннинг 9-моддасига асосан Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияларининг фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади.
Толиб Ҳакимов МСК масъул ходимига ҳам мурожаат қилган экан, аввал қаердан олган бўлсангиз шу ердан олинг, дейишибди. На илож, кичик шаҳарларда ҳам катта ҳангомалар бўлиб турар экан-да!?
Энди савол туғилади: жаноб Эрназаров бунчалик қаттиқ туриб илгари сураётган (аслида ҳимоя қилаётган) номзод – ХДП аъзоси ким ўзи? Хаитқулов Наримон Маматович: 1960 йили Ўртачирчиқ туманида туғилган. Раҳбарлик лавозимида ишлаш тажрибасига эга: 2007-2011 йилларда Янгийўл туманига ҳокимлик қилган. Тошкент вилоят судининг 2011 йил 27 декабрдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича айланиб, 13 йилга (!) озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Н.Хаитқуловнинг муддатидан олдин қачон озодликка чиққани, оқланган ёки оқланмагани хусусида маълумот топишнинг умуман имкони бўлмади.
Навбатдаги савол билан туман сайлов комиссияси раиси Толиб Ҳакимовга юзландим: бундай шахсни депутатликка номзод сифатида рўйхатга олишингиз мумкинмиди? Мужмал жавобдан ўзингиз хулоса чиқаринг: «Мен унинг судланганини билмасдим. Буни текшириб кўриш имкониятим ҳам йўқ эди»...
Ўзбекистон Республикаси «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисда»ни қонунининг 23-моддасига асосан содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар депутатликка номзод этиб рўйхатга олинмайди.
Қарор қатъий, шикоятга ўрин йўқ
Дўппини оли-и-б, обдон ўйласам, 23 йиллик журналистик фаолиятим давомида энг КАМ эшитганим шу ГАП бўлибди. Мисли қаҳат – дефицит! Агар аҳвол шундай давом этса, яқин келажакда анқонинг уруғига тенглашиш эҳтимоли анча юқори. 10-15 йилни қўяверинг, 2-3 йил аввалги вазият билан бугунги шиддатли ўзгаришлар ўртасида еру осмонча фарқ борлигини изоҳлаш шарт эмас. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги жиддий ислоҳотлар, айниқса, судьяларнинг амалда мустақиллигини таъминлаш бўйича анча ишлар қилингани, уларнинг ишига аралашган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилиши белгилангач ҳам бу борадаги аҳвол ўнгланиши жуда қийин кечаётир.
Давлатимиз раҳбари суд органлари ходимлари билан учрашувда (2017 йил 13 июнь) алоҳида таъкидлаганидек, асосий вазифаси ва бурчи оқни – оққа, қорани – қорага ажратиш, адолатни ҳимоя қилишдан иборат бўлган судья қонунга, ўз касбига хиёнат қилса, одамлар додини кимга айтади? Айрим судьялар жойлардаги баъзи бир мансабдорлар билан муносабатни бузмаслик ҳақида кўпроқ ўйлаши, «ўйин» қилиб юриши ҳеч кимга сир эмас. Наҳотки, Ўртачирчиқ туман ва Тошкент вилоят маъмурий судидагилар бу даъватдан ўзига хулоса чиқармаган бўлса?
Қонунчиликда белгиланган тартибда яширин овоз бериш йўли билан маҳаллий кенгаш депутатлигига сайланган, лекин қарийб бир йилдан буён тегишли тартибда рўйхатга олинмаётган, гувоҳнома ва кўкрак нишонини тушида кўраётган тажрибали ҳуқуқшуноснинг арзини бевосита эшитсангиз борми, беихтиёр «Эҳ-ҳе», деворасиз. Рост-да, қуйи судлар ва маҳаллий ҳокимият мутасаддилари тартиб-қоидаларни ёддан биладиган юристни шунчалик овора, сарсону саргардон қилаётган бўлса, ҳуқуқий билимлари саёз кишиларнинг косаси оқармаслиги икки карра икки тўртдек аён?! Инсон омили биринчи ўринга чиққан жойларда «тўрт» куппа-кундузи «беш»га айланганини кўрганлар қанча!?
Ҳоким мухбирни алдади
Шунча йилдан бери журналист сифатида ишлаётган бўлсам-да, барибир соддалигимча қолаверарканман, чоғи. Ёш боладай алданганимни ўзгача таърифлаш мушкул. Индаллосини айтганда, Ўртачирчиққа боришим Юртбошимиз таъбиридаги «ўйин»чиларнинг муғомбирона кулишини кўриш, уларга қўшилиб мажбуран жилмайишдан бошқа наф келтирмади.
Собиржон Эргашев масаласи нима учун шунча вақтдан бери сессия кун тартибига киритилмаётганини аниқлаш ниятида Халқ депутатлари Ўртачирчиқ туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Олимжон Нурматов билан учрашдим. Ҳокимга туман сайлов комиссияси раисининг 2018 йил 26 сентябрда йўллаган хатини, яъни Собиржон Эргашевни туман кенгаши сессиясида белгиланган тартибда тасдиқланиши сўралган ҳужжатни кўрсатдим. Кенгаш раиси сифатида оғзаки ёки ёзма муносабат билдиришини сўрадим. Ҳоким ёрдамчисига топшириқ берди: «Партияларни, сайлов комиссиясини, орготделни чақир, бу масалани охирига етказишимиз керак».
Ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Ўктам Аллаев йўқ экан. Муҳокама кечга қолдирилди. Ваҳоланки, мен у билан шу вақтда учрашишга аввалдан икки марта телефонда келишган эдим. Демак, Ў.Аллаев ёлғон гапирган, мухбир дегани кутиб-кутиб кетишини билган.
ХДПдан депутат этиб сайланган ҳоким, сайлов комиссиясининг қарорини бажармаётган Олимжон Нурматов эса менинг телефон рақамимни олиб, муҳокама хулосасини етказишга ваъда берди. Эртаси куни ўзи телефон қилиб, ташкилий-назорат гуруҳи тегишли ҳужжатларни тақдим этишини яна бир бор эслатди.
Йўқ, Ў.Аллаевдан ҳам, тегишли ҳужжатдан ҳам дарак бўлмади...
Мандатини кўрмасдан муддати тугаётган депутат
Хабарингиз бор, жорий йил охирида вакиллик органларига навбатдаги сайловлар бўлиб ўтади. Амалдаги депутатларнинг ваколат муддатлари ниҳоясига етади. «O‘zLiDeP»дан халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган Собиржон Эргашевнинг ваколати эса ўз мандатини кўрмасдан тугаб боряпти. Туғилмасдан бўғилди, деганлари шу бўлса керак-да. Айтинг-айтинг, судлару маҳаллий мутасаддилар якуний қарорларини ҳозирги депутатларнинг фаолияти поёнига етгандан сўнг чиқаришмаса гўрга эди.
Кимга қийин – электоратга қийин. Ўзи сайлаган депутатнинг 2018 йилнинг апрелидан 2019 йилнинг охиригача тасдиқланганини кўрмаса-я? Сайлов комиссияси ёхуд кузатувчилар қайсидир таомилга тўлиқ амал қилмаган бўлса, сайловчининг айби нимада? 8-сайлов округи депутатсиз қолиб кетаверадими? Бунақада одамларда наинки сиёсий партиялар, айни пайтда суд ва ижроия ҳокимиятига ҳам ишончи қолмайди. Навбатдаги сайловларга, айрим хорижий давлатларда бўлганидек, сайловчиларнинг ярми ҳам сайлов участкаларига келмайди. Юринг қўшни, сайловга чиқамиз деса, э қўйинг, биз кимга овоз берганимиз билан ўзларига маъқул келганини ўтказишади, дейишмайдими? Эсингиздами, аввалги сайловда Собиржон Эргашевни сайлагандик, ғолиб чиққан бўлсаям барибир ўтказишмади-ку, дея ҳафсаласи пир бўлмайдими?
Йўғ-э, худо кўрсатмасин, Олий суд ва Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти бунга йўл қўймаслиги даркор. Не бўлганда ҳам мазкур идоралардан ушбу мақолада тилга олинган ҳолатлар бўйича жўялироқ жавоб кутишга ҳақлимиз.
Озод Ражабов, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter