ШҲТнинг кейинги мажлиси илк марта Ҳиндистонда бўлади
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2020 йилда илк бор Ҳиндистонда ўтказилади.
Бу ҳақда 2 ноябрь куни бўлиб ўтган 18-мажлисда қарор қабул қилинган. Мажлисда Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон бош вазирлари, Ҳиндистон мудофаа вазири ва Покистон Ташқи ишлар вазирлигининг ШҲТ бўйича миллий координатори, ШҲТ бош котиби ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори иштирок этди.
Мажлисда ШҲТ билан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ўртасида англашув меморандуми имзоланган.
Муҳокамалар чоғида Орол минтақасидаги экологик вазиятни инобатга олган ҳолда, “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди”ни ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлаш ғояси илгари сурилди.
Ҳукумат раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури ижросини кўриб чиқдилар ва янги дастурни маъқулладилар.
Шунингдек, ташкилотнинг 2020 йил учун мўлжалланган бюджети ҳам тасдиқланди.
Тадбирда жами 14 ҳужжат имзоланди. ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлиси якунлари бўйича Қўшма коммюнике имзоланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter