Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ мулозими Эронга ҳужумдан кўзланган асл мақсадни очиқлади

АҚШ мулозими Эронга ҳужумдан кўзланган асл мақсадни очиқлади

АҚШ Эрондаги нефть конларини ўз назоратига олишга қасд қилган. Бу ҳақда АҚШнинг Энергетика соҳасида етакчилик бўйича миллий кенгаши директори Жаррод Эйген Fox Business телеканалига интервьюда гапирган.

“Бу ўйин (уруш назарда тутилмоқда – таҳр.) узоқ давом этади, чунки биз Эрондаги катта нефть захираларини террорчилар қўлидан тортиб олмоқчимиз. Қисқа истиқболда биз дуч келган синовни узоқ муддатдаги фойда ёпиб юборади. Пировардида биз Ҳўрмуз бўғозидаги муаммолар сабаб хавотирга тушмаймиз”, – деган Жаррод Эйген.

Оқ уй мулозими “қора олтин”нинг улкан захираси Вашингтон назоратига ўтишидан истиқболда дунё энергетика бозори ютишини қайд этган. Бу борада у Венесуэлани ижобий мисол сифатида келтирган. Унга кўра, президент Николас Мадуро ҳибсга олингач, АҚШнинг Chevron ширкати Венесуэлада қисқа муддатда нефтни қайта ишлашни кўпайтиришга муваффақ бўлган.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 3 январга ўтар кечаси АҚШ Венесуэла пойтахти Каракас ҳамда мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳарбий ҳужум уюштирди.

Ҳарбий амалиёт давомида Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес Каракасдаги саройидан ўғирлаб АҚШга келтирилди. Қўшма Штатлар расмий идоралари Мадурога нисбатан наркотерроризм, гиёҳвандлик моддалари контрабандаси, ноқонуний қурол-яроғ савдоси каби моддалар бўйича айблов эълон қилди. Аммо кўп вақт ўтмай, Венесуэлага ҳужумдан кўзланган мақсад фақат гиёҳвандлик моддалари контрабандасига қарши кураш эмас, балки мазкур давлатнинг табиий бойликлари экани ўртага чиқди. Президент Дональд Трампнинг ўзи қайд этганидек, Венесуэланинг муваққат ҳукумати АҚШга 30-50 миллион баррель юқори сифатли нефт беришга рози бўлган.

АҚШ ва Исроил жорий йил 28 февраль куни Эрон шаҳарларини бомбардимон қилишга киришар экан, Теҳрон ҳукумати ядро қуролига эга бўлишга яқин келиб қолганини иддао қилган эди. Жумладан, Трамп урушнинг илк кунида Эронга қарши урушдан кўзланган мақсад “Америка халқини яқинлашиб келаётган таҳдидлардан ҳимоя қилиш” эканини айтган эди.

Бироқ воқеалар ривожи мақсад энергетика манбалари устидан назорат эканини ҳам кўрсатмоқда. АҚШнинг радикал қарашлари билан танилган сиёсатчиси, сенатор Линдси Грэмнинг “Эрон режими қуласа, АҚШ янги Яқин Шарқда оламжаҳон пул ишлайди” деган баёноти ҳам шуни тасдиқлайди.

Айни пайтда Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатнови тўхтаб қолгани сабаб жаҳон энергетика бозорида нарх ўсиши кузатилмоқда. Зеро, глобал миқёсда нефтнинг 20 фоизи, суюлтирилган газнинг 30 фоизи мазкур бўғоз орқали ўтади.

Жаҳон бозорида нефть нархи 2022 йилдан бери илк бор 100 доллардан ошди.

The Wall Street Journal нашри “қора олтин” нархи 215 долларга қадар кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Дарвоқе, Эронга қарийб ўн кундан буён биргаликда бомба ёғдираётган АҚШ ва Исроил ҳозирча фақат бир масалада зиддиятга борди.

Исроил 7 март куни Эроннинг нефть инфратузилмаси, жумладан, 30 га яқин “қора олтин” омборларига зарба берди. Бу эса АҚШ расмийларига маъқул келмаган.

“Президентга бу ҳужум ёқмади. У нефтни ёқиш эмас, балки эҳтиёт қилиш тарафдори”, – дея Трампнинг маслаҳатчисидан иқтибос келтирди Axios нашри.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг