Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода 56 нафар ИИБ ходими жазога тортилди: тафсилотлар

Бухорода 56 нафар ИИБ ходими жазога тортилди: тафсилотлар

Фото: Xabar.uz

Бухорода 5 ойда 56 нафар ИИБ ходими хизмат интизоми билан жазоланди, 5 нафар ходимга 4 та жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ташкил этган брифингда маълум қилинди. 

 «Брифинг ҳар галгидан қизғинроқ кечди. Зеро, бу гал яратилган иш ва яшаш шароитларга қарамай, хизмат интизомини бузган, ҳатто, жиноят содир этган ички ишлар ходимлари хусусида ҳам очиқланди»,— деди Бухоро вилояти ИИБ томонидан ўтказилган брифингда иштирок этган журналистлар.

Жорий йилнинг 5 ойи давомида олиб борилган ишлар юзасидан бўлиб ўтган брифингда кадрлар билан ишлаш, ходимларнинг касбий ва жанговар тайёргарлиги, касбий билим савиясини ошириш, улар ўртасида хизмати интизоми маданиятини юксалтириш ва коррупцион ҳолатларнинг содир этилмаслиги юзасидан олиб борилган ишлар хусусида сўз борди.

Таъкидланишича, Бухоро вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган эркаклар қатори аёл ходималар ҳам талайгина. Улар шахсий таркибнинг 9,1 фоизини ташкил этади. 16 нафар ижтимоий кўмакка мухтож аёл ходималарни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли хилдаги ёрдамлар берилган. 1 нафар аёл ходимага автомобил сотиб олиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробари миқдорида моддий ёрдам, 1 нафар ходимага яшаш шароитини яхшилаш мақсадида баъзавий ҳисоблаш миқдорининг 125 баробари миқдорида фоизсиз қарз берилган. 2024 йилнинг 5 ойи давомида аёл ходималар томонидан интизом бузилиш ҳолати қайд этилмаган.

«Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейларига ўқувчиларни қабул қилишда ёзма иш, номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш ҳамда якка тартибдаги якуний суҳбат ўтказиш тартиби тўғрисида»ги 50-сонли буйруғига асосан, ИИВ Бухоро Академик лицейида ўқиш истагини билдирган номзодларнинг индивидуал-психологик хусусиятларини ўрганиш мақсадида психологик тест синовлари ўтказилди. Унга кўра, жами 1093 нафар номзодлардан, 912 нафари кейинги босқичга ўтган бўлса, 181 нафар номзодлар психологик тест синовларидан ўта олмади»,— деди Бухоро вилоят ИИБ ўринбосари, маънавий-маърифий ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи, подполковник Акбар Юсупов.

Акбар Юсуповнинг сўзига кўра, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида ҳам талай ишлар бажарилган. 11 нафар бетоб ходимларнинг даволаниши учун 83 255 000 сўм, 14 нафар ходимларнинг бетоб яқин қариндошларида жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 257 040 000 сўм, 2 нафар ходимнинг Санаторий-курорт муассасаларида даволаниш ва дам олиш учун 4 976 351 сўм ва ҳоказолар, шунингдек, 54 нафар ходимга 1 593 283 486 сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари ажратилган.

Ходимларга бериладиган меҳнат таътили бўйича жорий йилнинг мос даврига қадар 757 нафар шахсий таркиб ходимларига асосий таътил берилган. ИИВ Академияси, Жамоат хавфсизлиги университети ва бошқа олий таълим муассасаларнининг сиртқи таълим шакли бўйича тахсил олаётган 82 нафар ходимларга асосий меҳнат таътилидан ташқари ўқув таътили берилган.

«Ходимларнинг ишлаш ва яшаш шароитини янада яхшилаш учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар кўлами кенг. Шу нуқтайи-назардан улар ўртасида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ҳам доимий равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади.Ходимларнинг ташаббуси билан 6 маротаба ходимларга пора таклиф қилиш ҳолатлари бўйича тезкор тадбирлар ўтказилиб, пора таклиф қилган фуқароларнинг жавобгарлиги таъминланди. Маълумот учун айтишим мумкинки, 2024 йил 21 апрелида вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори сафдор Жамил Адизовга фуқаро Д.Ё. ўз автомашинасини жарима майдонидан чиқариш эвазига 100 АҚШ доллари миқдордаги пулларни берган вақтда ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Қоровулбозор туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғи билан сафдорга уч миллион миқдорида рағбатлантириш ажратилди»,— деди Акбар Юсупов.

Маълумотга кўра, жорий йилда жами 30 нафар ходимлар вилоят Ички ишлар органлари хизматдан бўшатилган. Шундан 10 нафари ўзининг хоҳиши билан, 6 нафари касаллиги-ҳарбий тиббий комиссиянинг хулосаси асосида, 1 нафари хизматда бўлишнинг чегара ёшига тўлгани, 14 нафар ходим пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтагани ҳамда 2 нафари хизмат интизомини қўпол равишда бузгани учун ички ишлар органларидан бўшатилган.

«Тизим ходимлари учун иш ва яшаш шароити муносиб даражада яратилган бўлишига қарамай, хизмат интизомини бузганлар, фаолиятга панжа ортидан қараганлар ҳам йўқ эмас. Жорий йилнинг шу даврига қадар Бухорода 56 нафар ИИБ ходими хизмат интизоми билан жазоланди, 5 нафар ходимга 4 та жиноят қўзғатилди. 37 нафар ходимга нисбатан эса маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Ўз хизмат вазифасини суистеъмол қилган, қонунчилик бузилишига йўл қўйган шахсларга ички ишлар тизимида жой йўқ»,— деди вилоят ИИБ ўринбосари.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг