Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Cудан пойтахти яна ўқ ёмғири остида...

Cудан пойтахти яна ўқ ёмғири остида...

Генераллар Бурҳон ва Ҳамдан зиддияти тинч аҳолига қимматга тушмоқда.

Фото: AFP

Судан пойтахти Хартум шаҳрида мамлакат мунтазам армияси ва Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасидаги жанг қайта бошланиб кетди. Бу ҳақда dpa агентлиги гувоҳларга таяниб хабар берди.

Рақиблар оғир артиллерия ва жанговар самолётлардан фойдаланган ҳолда бир-бирига зарба бермоқда.

Судан армияси пойтахтдаги штабига Тезкор ҳаракат кучлари ҳужум уюштиргани, рақиб ҳамласи қайтарилганини маълум қилган.

Жанглар давомида Хартумдаги бир қанча бинолар, жумладан, 18 қаватли нефть ширкати минораси ёниб кетган. Сўнгги отишмаларда тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ҳақида маълумот мавжуд эмас, аммо урушаётган ҳар икки томон аскарий қурбонлар берган.

Пойтахтга ёндош Баҳри, Омдурман шаҳарларида ҳам бир неча кундан буён отишмалар давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 апрель куни Судан  пойтахтида генерал Абдулфаттоҳ Бурҳон қўмондонлигида мунтазам армия ва генерал Муҳаммад Ҳамдан Дагало бошчилигидаги Тезкор ҳаракат кучлари ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланиб кетди.

Де-факто давлат раҳбари саналган генерал Бурҳон ҳам, унга қарши курашаётган Тезкор ҳаракат кучлари қўмондони ҳам ҳокимиятни тўлиқ назорат қилишнинг уддасидан чиққанича йўқ.

Суданни узоқ йиллар идора этган Умар Башир 2019 йилда ҳокимиятдан четлатилган эди. Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд уни қатлиом ва инсониятга қарши жиноятларда айблаган.

Умар Башир президентликдан кетгач, ҳарбий ва фуқаровий гуруҳлар ўтиш даври ҳукуматини тузишга келишган. Аммо мамлакатдаги турли сиёсий, ҳарбий гуруҳлар ўзаро тил топиша олмади. Пировардида генераллар Абдулфаттоҳ Бурҳон ва Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги зиддият росмона урушга айланиб кетди.

Томонлар вақти-вақти билан ўт очишни тўхтатиш борасида битим тузаётган бўлса-да, қонли ихтилофни буткул ҳал этиб бўлмаётир.

БМТ маълумотларига қараганда, 250 минг киши мамлакатдан чиқиб кетган. Яна 840 минг суданлик ички қочқин сифатида ўз тураржойини ўзгартиришга мажбур бўлган.

Баҳордан буён давом этаётган жангларда юзлаб тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, жароҳатланганлар сони бир неча мингдан ошиб кетди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 26 апрель куни Саудия Арабистони ёрдами билан Судандан бир неча мамлакат фуқаролари эвакуация қилинган эди. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг