Расман: Турдимов Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири этиб тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Эркинжон Оқбутаевич Турдимов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозимига тайинланди.
Шу муносабат билан у Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди.
Эркинжон Турдимовнинг номзоди бундан аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
Шунингдек, Президентнинг тегишли фармони билан Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозими киритилди. Бундан ташқари, Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ташкил этилди.
Белгиланишича, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги фаолиятига ўз ваколати доирасида умумий раҳбарлик қилади ва уларнинг ишларини мувофиқлаштиради.
Мазкур йўналишлар бўйича вазифалар ижросини назорат қилиш ва ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, 3 октябрь куни Президент фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги негизида ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter