Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Оқ» қилинган аёл, қийноқлар ичидаги бола: «Шофиркон воқеаси» тафсилотлари

«Оқ» қилинган аёл, қийноқлар ичидаги бола: «Шофиркон воқеаси» тафсилотлари

Фото: «Xabar.uz»

Бешикдаги боласини муттасил қийноққа солиб келган Н.С. асли Ғиждувон туманидаги Заҳкаш қишлоғида туғилган. Маҳалла раисининг «Xabar.uz»га билдиришича, Н.С. 15 йиллар илгари ахлоққа зид юриш-туриши туфайли отаси А.С. томонидан «оқ» қилинган ва қиз хонадондан чиқиб кетган. Шу билан қайтмаган.

Бу ҳолат ҳар қандай инсонни ҳам жунбушга солиши, табиий. Кейинги пайтларда оналарнинг фарзандларини уриб, калтаклаб, муттасил қийноқларга солиб келаётгани ҳақидаги турли хабарлар, видеотасвирлар худди «урф»га айланиб қолаётгандек.

Айни ҳолат тўғрисида тарафлар билан мулоқатга киришар эканмиз, ҳеч бир сабаб боланинг бу қадар калтакланишига туртки бўла олмаслигини кузатиш мумкин. Оғриқлиси ҳам шу!

Нега она ўзининг қора қисмати, ўз юриш-туришидаги тарбиясизлик учун норасидани айблаши ва тақдир зарбаларининг аламу ўчини ундан олиши керак?!

Ҳолат юзасидан журналистик суриштирув олиб бориш жараёнида фарзандини муттасил қийноққа солиб келган аёл асли Ғиждувон туманидаги «Заҳкаш» қишлоғи фуқароси экани аниқланди. 1988 йилда туғилган ва оилада 5 фарзанднинг бири Н.С. ёшлигидан енгил-елпи турмуш тарзига берилган бўлган.

«Н.С. ҳам онаси Л.К.нинг «изи»дан кетди. Л.К. ҳам 5 нафар болани турмуш ўртоғи А.С.га ташлаб, ортга қайтмаган. Тўғри, мен уларнинг узоқроқ қариндошиман. Аммо, қизниям, онасиниям оқламайман»,-дейди ўзини таништиришни истамаган заҳкашликлардан бири.

Заҳкаш маҳалла фуқаролар йиғини раиси Амин Ҳамроевнинг билдиришича, Н.С. 15 йиллар илгари ахлоққа зид юриш-туриши, енгил-елпи турмуш тарзи этагидан тутгани туфайли отаси А.С. томонидан «оқ» қилинган.  Шу билан қиз хонадондан чиқиб кетган ва қайтмаган. Онаси Л.К. томонидан ташлаб кетилган колган тўрт эса фарзанд ота қарамоғида улғайган.

Маълум бўлишича, Н.С. ота уйидан ҳайдалгач, бир неча йил Россияда ишлаб юрган. Орадан вақт ўтиб, ўғил фарзандни дунёга келтирган ва унга оталикни ўз номидан белгилаган. Чақалоқни С.Ф.Н.ўғли, дея номлаган. Ва Шофиркон туманида ўзига аввалдан нотаниш бўлган хонадонга тўғридан-тўғри кириб келиб, фарзанди билан шу ерда бир муддат яшашга рухсат беришини сўраган.

«Ҳа, олти йил илгари ўзимга аввалдан мутлақо нотаниш бўлган аёл дарвозамдан  қўлида чақалоқ билан кириб келди. Ота-онаси автоҳалокат туфайли вафот этиб кетгани, ҳеч қандай қариндош-уруғи, яқинлари йўқлигини айтиб, йиғлади. Турмуш ўртоғининг оиласи томонидан уни тилла ўғирлаганликда туҳмат билан айблаб, ҳайдаб юборишганини билдирди. Раҳмим келди. Буни айтиш оғир, аммо, оиламда тақдир тақозоси билан уч нафар қизимнинг турмуши бузилиб қайтгани учунми ёки ўғил фарзандим йўқлиги учунми, савоб йўлида она-болани уйга киритдим. Унга боласи билан ўзига алоҳида хона ажратдим, бола парвариши учун нимаики қилиш керак бўлса, қўлимдан келганча, шароитини яратиб бердим. Қизларим, невараларим  қатори бир дастурхон атрофида бирлаштирдим, кам-кўстини оширдим»,-дейди «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда Н.С.ни 6 йилдан буён ўз хонадонида сақлаб келган З.Л.

Суҳбатдошнинг айтишича, Н.С.нинг турмуш тарзи унинг хонадонига келгунига қадар, ичкиликка мукка кетиб, бегона эркаклар билан айш-ишратда ўтган. Н.С. ўзининг бу қилиқларини хонадонга келганининг илк ҳафталарида кўрсата бошлаган. Буни англаб қолган З.Л. асранди қизига қаттиқ танбеҳ берган ва огоҳлантирган. Бундай ҳатти-ҳаракатда давом этса, хонадонидан қувиб солишини билдирган. Уй-рўзғор ишларига, меҳнатга ўргатган.

«Одамлар орасида тарқалган миш-мишларга кўра, гўёки мен асранди қизимни кун-узун босим билан  жисмоний меҳнатга жалб этиб, ер майдонларида итдай ишлатаркан эканман. Энди қишлоқчилик бўлса. Ҳаммамиз ҳам ерда ишлаймиз, чопиқ қиламиз, ҳосил оламиз, тер тўкамиз. Мол-ҳол, қўй-қўзи, дегандек. Уч нафар қизимга давлат томонидан ҳар бирига 10 сотихдан ер ажратилган. Қизларим қатори меҳнат қилгани, бирга-бирга ерга ишлашганларимиз рост. Аммо, уни ҳеч қачон қора меҳнатга мажбурламаганман. Ахир, асранди бўлсаям, қизларим қатори едириб-ечдириб, кийинтириб келган бўлсам. На пишир-туширни, на супир-сийирни биларди. Эпли қилдим. Ароқ ичишдан, саёқ юришлардан оёқларини тийдим. Бемазарликларини кечириб келдим. Ўзимнинг ўғил фарзандим йўқлиги учун эртанги кунимга шу ярайди, қариганимда қарайди, деб суннат тўйларигача ўтказдим. Ўғли Ф.ни оёғини тузатиш учун саломатлигидан хавотирга тушиб, дўхтирма-дўхтир олиб юрдим. Бу бетайин қиз эса уйимда ўғриликлар содир қилди. Қувиб солсам, меҳр қўйганим фарзанди тақдирини ўйлаб, ўртада қолдим»,- дейди З.Л.

Шофиркон туманидаги Қўрғон-Вардонзе маҳалласи раиси Аҳрор Солиев ҳам буни тасдиқлади.

«Ҳақиқатан ҳам З.Л.нинг ҳар бир қиз фарзанди учун 10 сотихдан ер майдони ажратиб берилган. Ҳосил олишади, турмуш шароитларини қилишади. Ерда ишлашади. 5-6 йилдан буён ғиждувонлик Н.С. фуқаро З.Л.нинг уйида бир нафар фарзанди билан яшаб келади. Тўғриси, маҳалла раиси бўлсам ҳам уларнинг дарвозасидан ичкари кирмаганман. Чунки ўзбекчилик , дегандек уч нафар қизи, неваралари ва асранди қизи билан яшаб келаётган  хонадонда эркак киши йўқлиги боис, бу хонадонга кирмаганман. Аммо, хотин-қизлар билан ишлаб келаётган ходим орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиб келамиз. Тўғри, ҳар бир хонадонда бўлгани каби З.Л.нинг хонадонида ҳам ўзаро оилавий тортишувлар бўлиб турганда, хабар олиб, муросага келтириб қайтамиз. Лекин З.Л.нинг асранди қизи ўз боласини муттасил калтаклаб келаётганини эшитмаганмиз»,-дейди Аҳрор Солиев.

З.Л.нинг айтишича, асранди қизи Н.С. саломатлигида нуқсони бор вояга етмаган фарзанди  Ф.ни огоҳлантиришига қарамай, доимий силтаб, урушиб, сўкиб, калтаклаб келган.

«Охири, унинг қилиқларига чидолмай, уйдан ҳайдаб юборишимни айтдим. У эса: «Менга икки дунё бир. Мени уйдан ҳайдасангиз, ўғлим ўлгунича, бошини заҳкашни сувига бўктириб қўяман» дея қўрқитарди. У боласини шу ёшида мумкин бўлмаса ҳам бешикка белар, ечар, силтар, қўлига хивичми, таёқми, пластмасс ўйинчоқларми тушса, урарди. Чидолмаганимдан кейин уни видеога олдим. Ҳатти-ҳаракатидан эҳтиёт бўлмаса, ички ишларга билдиришим мумкинлигини билдирдим. Ахир бегона бўлса ҳам кўз олдимда, бир боланинг қийноқларга солинаётганига чидай олмадим. Ваҳоланки, 6 йилдан буён болачага боғланиб қолгандим. Аммо, мен ижтимоий тармоқларга тарқатмаганман»,-дейди З.Л.

Шофиркон тумани ҳокимлиги ҳам ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борган. Ҳолат юзасидан туман ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилгунга қадар педагог-психолог Н.С. билан суҳбатда бўлган. Психологнинг сўзига кўра, Н.С. нинг саломатлигида ҳеч қандай руҳий нуқсон бўлмаган. Унда ўз ҳатти-ҳаракатидан пушаймонлик ҳам кузатилмаган.

«Тушкун кайфият ёки руҳий зўриқиш туфайли фарзанди, онаси ёки отасига куч ишлатиб, қилмишидан пушаймон бўлганлар билан суҳбатда бўлганман. Аммо, қилган ҳатти-ҳаракатидан зиғирча ҳам афсус чекмаган бундай шахсни (узр, она деб атагим келмади) кўрмаганман»,-дейди педагог-психолог.

Журналистик суриштирув давомида маҳалла фуқаролар йиғини масъулига «6 йилдан буён ўз ҳудудингиздаги хонадонга бошқа бир тумандан бегона бир аёл боласи билан келиб яшайди, миш-мишларга кўра, бу аёл хонадон эгаси томонидан меҳнатга мажбурлаб келинаётгани хусусида гап-сўз тарқалади, ундан ташқари, Н.С. ўз фарзандини шу қадар калтаклашларгача боради-ю, сиз бехабарсиз?»-дея берган саволларимиз «Билмайман!» деган жавоб билан қолди.

Ҳудуд участка нозирларининг ҳам шунча йиллардан буён З.Л.га ҳеч қанақа ҳужжатларсиз асранди қиз бўлиб олган Н.С.нинг шу хонадонга яшаб келаётганидан хабардор бўлишгани бор гап.  Хонадон эгаси ўзига аён мақсадлар билан етти ёт бегона аёлни асранди қилиб олганда, бу маҳалла фуқаролар йиғини вакилларининг ҳам қизиқишига ёхуд бориб ўрганишига нега сабаб бўлмагани тушунарсиз...

Болалар омбудсмани котибиятига фарзандини калтаклаб, қийнаб келаётгани тўғрисида мурожаат ва видео тасвир келиб тушгач, Шофиркон тумани ички ишлар органлари томонидан тезкор ҳаракатлар олиб борилган.

Маълум бўлишича, жиноят ишида гумонланувчи Н.С.га нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи ўрганилмоқда.

«Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари давомида хонадон эгаси З.Л. ҳам фуқаро Н.С.нинг фарзандини калтаклаётганларини видеотасвирга олиб келган. Бироқ, бу ҳақда ўз вақтида ички ишлар органларига хабар бермаган»,-дейди ички ишлар органи ходими.

Айни пайтда 5 ёшли Ф.С. эса Бухоро вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати  ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига қарашли вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланмоқда. Бола саломатлиги назоратда. Шофиркон туман «Инсон» ижтимоий хизматлари маркази болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси мудири Афзал Ҳакимовнинг айтишича, болада туғма сон-чаноғи синиши ташхиси қўйилган ва ўз вақтида жиддий даволанмай келингани боис, юриш ҳаракатида нуқсон қолган.  Н.С. эса боласининг сон-чаноқ суяги сингани, зўриқиб юришга ҳаракат қилиши ортидан яна синиш қайталанмаслиги учун бешикка боғлаб келишганини билдирган.

Лайло Ҳайитова 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг