Ишга кириш учун пул бериш муаммоси ҳамон актуал(ми?)
Ҳомиладор ёки яқинда оила қурган аёлларнинг ишга олиниши билан боғлиқ муаммолар, иш берувчи томонидан уларнинг аризалари рад этилиш ҳолатлари учраб туриши ҳеч кимга сир эмас. Бу мавзуда сайтимизда туркум материаллар тайёрланган.
Яна бир ҳолат борки, унинг ҳам жамиятимизда тез-тез учраб туриши хотин-қизларимиз томонидан эътироф этилмоқда. Бу ҳолат ҳомиладор аёлларнинг ишга кириши учун раҳбар лавозимидаги шахслар томонидан моддий манфаатдорлик исталиши билан боғлиқ. Яъни бугун айрим раҳбарлар ҳомиладор аёлни ишга олиш учун очиқчасига ундан пул талаб қилмоқдалар. Исми сир бўлиб қолишини истаган бугунги қаҳрамонимиз ўзи дуч келган ҳолат ҳақида бизга ёзиб қолдирди. Унинг айтишича, ҳозир унинг ўзи ишлаган мактабдан бориб олиши керак бўлган ҳужжатлари бор ва мана шу ишини битирса, Сурхондарё вилоятидаги мазкур мактаб директорининг аслида ким эканлигини ҳаммага баралла айтади. Ҳозир эса, қонунлар доим ҳам у қадар яхши ишламаётган замонда агар шахсини очиқласа, кейин муаммоларга дуч келишидан ҳавотирда.
— «Иняз»ни битирсам инглиз тили ўқитувчиси бўламан, болаларга хорижий тилни ўргатаман деб Жаҳон тиллари университетида ўқидим. Битиришим биланоқ ишга жойлашиш масаласи бошланди. Мақсадли таълим дастури бўйича ўқишга кирганим боис 3 йил шартномада ёзилган ўзимнинг вилоятимдаги мактабда ишлаб беришим шарт эди. Ўқишни битирганимда 1-фарзандимга ҳомиладор эдим. Хуллас, ишга жойлашиш бўйича мактаб директори билан суҳбатлашишга бордим.
«Бўлди, ишлайсан, келавер эртадан» деди опа (мактаб директори илгари ўзимнинг синф раҳбарим бўлган). Кейинчалик директор онамдан тинмай пул сўрай бошлабди. Онам пул беравермагач, менинг дарс соатларимни камайтиришни бошлади. Декретга чиқишимга таъсир қилишини билиб мажбур бўлдим пул беришга. Ўшанда 600 минг сўм бергандик, лекин ойлик олганда яна берарсизлар деб норози бўлганди. Декретга чиққанимдан кейин ҳам, «декретной» пулимни беришдан аввал менга қўнғироқ қилиб қанчасини менга берасан деб сўрагандилар. 200 минг сўм яна бердим. Фарзандим 1 ёшга тўлгач ишга чиқмоқчи бўлдим. Мактабга бордим гаплашгани. Директор менга «фарзандинг 3 ёшга тўлгунча уйда ўтиришинг керак эди, ҳозир сени ишга олсам менга гап тегади, озгина харажати бор, кўтарасанми?» деб шарт қўйиб, 12 соат дарс берди.
Ҳамма шартига кўниб, рози бўлдим. Чунки у вақтда менга иш жуда зарур эди. Онамга бўлган гапни айтсам, «сени оналик таътилинг 52 кун. 52 кундан сўнг хоҳлаган вақтингда ишга чиқишга ҳақинг бор. Ишхонада эса иш ўрнинг сақланиши шарт, ҳеч кимга пул тўлашга мажбур эмассан» дедилар. Бу гапни эшитиб, кучга тўлдим, ҳеч кимга пул бермадим. Аммо директорнинг кўзига ёмон кўриниб қолмай деб мактаб кутубхонасига 60 дона янги китоблар ҳадя қилдим. Афсуски, раҳбарга бу усул ёқмади, нақд пулдан бошқа ҳеч нима керак эмас экан. Ҳар сафар дарс соатимни кўпайтириб беришини сўраб, олдига кирганимда мени чиқариб юборарди. Бошқа ўқитувчиларнинг дарс соати эса 28 соатдан эди. Ўқитувчилар билан ўзаро суҳбатдан билдимки, директор ўқитувчиларга атайин оз дарс бериб, бўш соатларни сақлаб ўтирар экан. Ўқувчиларга инглиз тили фани ўтилмаётганини аҳамияти йўқ, токи кимдир келиб пул бериб, раҳбарни кўнгилчасини олмагунча, ўқувчиларга дарс ўтилмайди. Фарзандимнинг бош кўзидан садақа деб норози бўлиб 400 минг сўм пул бердим, ўша ойдаёқ 27 соат дарсга эга бўлдим.
Мактабда 10 ой ишлаб яна ҳомиладор бўлдим. Декретга чиқиш вақти келди. Бухгалтерия билан гаплашсам, менга 10 миллион сўм пул ажратилганини, агар озроқ харажатини қилсам, улар шу пулни 13 миллион 700 минг сўм қилиб беришларини айтишди. Қўлида бунақа суммани ушламаган оддий ўқитувчи бўлиб жон-жон деб улар сўраган 400 минг сўмни олиб бориб бердим. Ваъда қилинган 13 миллион 700 минг сўмни олдим. Афсуски, вақтлироқ онам билан маслаҳатлашмаган эканман. Онам менга ҳеч қачон бухгалтерия 10 миллионни 13 миллион қилолмаслигини, шу йўл билан улар мендан пул ундирганини айтдилар (онам давлат корхонасида ходимлар бўлими мутахассиси бўлиб ишлаганлари учун бунақа ишлардан яхши хабардорлар).
Мактабда деярли ҳамма ўқитувчилар «соққа»ни бермагунча ишга киролмасликларини айтишарди. Баъзилар $100, бошқалар эса $200 ҳам берар экан. Жудаям аянчли. Мана 2 йилдирки ҳалиям ишга қайтмадим. Яна пул сўрашини, асабийлашишимни ўйлаб ишга қайтмоқчи эмасман. Бундан ташқари, бизнинг директор ўқитувчиларга бериладиган мукофот пули, устама ва моддий ёрдам пулларининг 40 фоизиини ўзлаштиради. Агар бошиданоқ ўқитувчи шу шартга рози бўлмаса, ҳужжатига қўл қўйиб бермайди.
Биласизми, ҳар бир янги оилада 5 йилгача муносабатларда кризис бўларкан. Мени ҳам бундай муаммо четлаб ўтмади. Турмуш ўртоғим билан ажрашмоқчи бўлиб онамнинг уйига қайтдим. Болам 1 ёш бўлишига қарамай ишга чиқишга мажбур бўлдим. Акс ҳолда уйда ўтириб, боламга қараганим маъқул эди. Оғирлигим ота-онамга тушмасин деб ишга чиққанман. Алҳамдулиллаҳ, ярашиб олдик. Ҳаммаси ортда қолди. Мана ҳозир 2-фарзандим 2 ёшга киряпти, ҳали бери ишга чиқмоқчи эмасман. Боламнинг ширин даврини ўтказиб юборишни истамайман. Ҳеч бир аёл митти боласини кимгадир қолдириб ишлашни хоҳламайди. Ҳамма молиявий қийинчилиги борлиги сабабли ишга қайтади. Ваҳоланки, оладиган тариқча ойлигига ҳам директорлар маълум бир миқдорда эга чиқишади.
Муаммо юзасидан тегишли жойга мурожаат қилмоқчи бўлдим. Ҳаттоки диктафонда директорнинг овозини ҳам ёзиб олгандим. Ҳамкасбларим йўлдан қайтаришди. Уларнинг айтиши бўйича, директоримиз тегирмондан ҳам қуруқ чиқадиганлардан. Укаси катта жойда ишларкан, қутқариб қоларкан. «Ҳозир бу ишни қилсанг, кейинчалик ҳамма сендан чўчиб ишга олгиси келмайди, майли шу пулни садақа дегинда бер, қутул. Нима қиласан бошингни оғритиб» дейишганди. Оилавий муаммоларим ҳам борлиги сабабли яна бош оғриқ орттирмай деб охиригча бормаганман. «Ёзув»ларни ҳам ҳавотир билан шу заҳоти ўчириб юборганман», дейди суҳбатдошимиз.
Мавзу юзасидан туркум мақолаларимизнинг бирида психолог айнан ҳомиладорлик ва оила кризиси, бу даврдаги моддий қийинчиликлар ҳақида ўз фикрини билдирган. Афсуски, ҳар бир инсон ҳаётида дуч келиши мумкин бўлган бу каби муаммоларда давлат вакиллари, раҳбарлар фуқарога тиргак бўлиш эвазига, муаммолари кўламини орттириб қўймоқда.
Биз ҳомиладорлик, оналик ва меҳнат фаолияти билан муаммолар бўйича бошқа мамлакатлар тажрибаси билан ҳам қизиққан ҳолда хотиждаги ватандошларимиз билан боғланишга уриниб кўрдик. Деярли 20 йилдан буён Америка Қўшма Штатларида яшаётган Саида опа ўз тажрибалари билан бўлишдилар:
«Менинг илк фарзандимга ҳомиладорлигимни билишим ишга жуда ҳам муккасидан кетган пайтларимга тўғри келган. Офисимизда иш қайнаб, олдимизда учта катта deadline, яъни катта сана турган эди. Ишхонам турли хил иқтисодий муаммолар туфайли IRS (солик қўмитаси) назарига тушиб, бутун бизнес ва ҳаёти тафтиш бўлаётган фуқароларни IRS судида ҳимоя қилиш билан шуғулланарди. Америкада HIPAA (Health Insurance Portability and Accountability Act) деб номланган жуда ҳам кучли қонун бор. Бу қонун шахсларнинг тиббий маълумотларини ўз рухсатисиз ўрганиш, қўлга киритишга уриниш, учинчи шахсларга очиқлашни жиноят даражасига кўтаради. Бу қонун, ўз-ўзидан, иш жойларида ҳам амал қилади. Унга кўра, ҳеч қайси иш берувчи ишга олинаётган шахсдан соғлиги ҳақида маълумот талаб қилишга ҳақли эмас.
Қўл остида ишлаётган ишчиларнинг ҳам нафақат ҳомиладорлиги, балки соғлигидаги бошқа муаммолари, имконияти чекланганлиги ҳақида сўраши қонунга зид. Шу сабабдан ҳам ҳамкасбларим ҳомиладор бўлишгани ҳақида ўзлари турли муддатда айтиб, сюрприз қилиб маълум қилишган. Яъни бу ерда аёл ходимнинг ўз ҳомиладорлиги ҳақида маълум қилиши, биринчидан, ихтиёрий жараён, иккинчидан, стрессли жараён эмас. Ҳаттоки ҳомила катталашиб, аёлнинг тана тузилишидан унинг ҳомиладорлиги аён бўлиб қолгудек бўлса ҳам, раҳбарнинг бу тўғрисида сўроқ қилишга ҳаққи йўқ. Менда ҳам шундай бўлган, то ўзим маълум қилмагунимча мендан ҳомиладорлигим ҳақида ҳеч ким маълумот сўрамаган.
Биласизми, ҳаттоки ҳомиладор аёл шифокор кўригидан ўтиш учун ишдан рухсат сўраганда ундан бунинг сабабини сўраш ҳам қонунга зид. Оналик татилига чиқиш, ишга қайтиш тартиби ишга кириш олдидан тушунтирилади ва саволлар туғиладиган бўлса, исталган пайт кадрлар бўлимига мурожаат қилиниши мумкин. Ҳомиладорлигим учун ишдан бўшатишга уриниш, ёв қараш ёки бошқа кўнгилсиз ҳолатлар умуман содир бўлмаган. Иш ўрним оналик таътилига чиққанимдан сўнг ҳам сақланиб қолган. Бундан ташқари, АҚШда оналик ва болаликни ҳимоя қилишга жуда катта эътибор берилади. Эмизикли боласи бор ҳар бир ходим учун ўзгалар кўзидан пана, шинам, озода, қулай “pumping station” яратилади. Кун давомида исталган пайтда оналар ўша хонага кириб, эмизиш билан боғлиқ жараёнларни амалга ошира оладилар. Ходимнинг бу ҳуқуқидан фойдаланишига тўсиқ қўйишга уринган иш берувчига қарши жуда қаттиқ чора кўрилади. Судлар доим қонун ва ҳомиладор ва фарзанд дунёга келтирган аёллар ҳимоясига шошадилар».
Facebook ижтимоий тармоғида ўтказилган сўровномалар остидаги изоҳларда мана бу каби фикрларга дуч келамиз:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат статистика агентлиги маълумотларига асосланадиган бўлсак, 2023 йил 1 январ ҳолатига кўра Ўзбекистонда сўнгги 5 йил ичида 1,5 миллиондан ортиқ никоҳ қайд этилган.
Ҳомиладорлик ва никоҳ ҳолатлари билан боғлиқ юқоридаги каби кейсларнинг мавжудлиги эса бу рақамларнинг нақадар катта муаммони англатишини кўрсатади. Янгиланган Конституциянинг қабул қилиниши олди референдум тарғиботи учун бир нечта йўналишларда ишлаб чиқилган махсус роликлар мавзулари орасида ҳомиладор, яқинда оила қурган ёки ёш фарзандли аёлларнинг ишга қабул қилинишидаги муаммолар акслантирилган тасвирлар ҳам мавжуд.
Шунингдек, facebook ижтимоий тармоғида ўтказилган сўровномаларнинг изоҳлар қисмида мана бу каби позитив ҳолатлар ҳам бор ва уларга кўз юммаслик, кўпроқ тарғиб қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳомиладор аёлнинг меҳнат фаолиятини амалга оширишида тўсиқларнинг мавжудлиги фақатгина ижтимоий-иқтисодий ва психологик нуқтаи назардангина салбий аҳамият касб этиб қолмай, балки ҳуқуқий жиҳатдан ҳам қонунга зиддир. Хусусан, Янги таҳрирдаги Конституциянинг 42-моддасида ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгилаб қўйилган. Бу каби муаммоларга дуч келган аёлларга дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиш тавсия этилади.
Дилбар Эламанова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter