Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда хайрия кимошди савдоси: йиғилган маблағ украиналик болаларга йўлланади

Тошкентда хайрия кимошди савдоси: йиғилган маблағ украиналик болаларга йўлланади

ЕИ, Украина ва Польша элчилари.

18 сентябрь куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан қароргоҳида хайрия кимошди савдоси бўлиб ўтди. Польша ва Украина элчихоналари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда дипломатлар, ишбилармонлар ҳамда молия сектори вакиллари қатнашди.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий дипломатлар тақдим этган тасвирий санъат асарлари, халқ амалий санъати намуналари ҳамда қимматбаҳо сувенирлар аукционга қўйилди.

Ўндан зиёд лотда ўйналган буюмларни Украинага хайрихоҳ замондошлар сотиб олди.

«ЕИ ва унинг глобал иттифоқчилари Украина ҳудудий яхлитлигини тиклаш учун қўлдан келган барча чораларни кўрмоқда. Албатта, ушбу урушга ҳар бир давлат ўз нигоҳи орқали қарашини тушунамиз. Аммо оддий ҳақиқат шуки, босқинчи ва жабрдийда давлатни асло чалкаштириб юбормаслик керак», – деди ЕИ элчиси Ш.Адриан маросимдаги чиқишида.

Лотлар хорижий дипломатлар томонидан тақдим этилган.

Дипломатга кўра, кимошди савдосида йиғилган маблағ United24 – Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича глобал жамғармага юборилади. Ушбу маблағ Россия босқинида жабр кўрган оилалар ва болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сарфланади.

Украинанинг юртимиздаги элчиси Микола Дорошенко хайрия кечаси ташкилотчилари ва қатнашчиларига миннатдорлик билдирди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 18 август куни Украинадан дам олиш ва реабилитация учун 45 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди.

Харьков, Херсон, Николаев, Запорожье, Суми, Хмельницкий, Львов ва Киевдан келган болалар 12 кун давомида Анор тоғ оромгоҳида дам олди.

Шунингдек, жорий йил август ойида Ўзбекистон нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва бизнес тузилмалари Украинага 10,5 тонна гуманитар ёрдам жўнатди.

Ўтган йилнинг апрелида ҳам Ўзбекистондан Украинага дори-дармон, озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат 34 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам йўлланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг