Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

БМТ комиссари «ларзага солувчи» рақамларни ошкор қилди

БМТ комиссари «ларзага солувчи» рақамларни ошкор қилди

Исроил бомбардимонидан кейин. Ғазо, Дайр ал-Балаҳ шаҳри.

Фото: Anadolu

Ғазо секторида сўнгги беш ой давомида Исроил бомбардимонлари оқибатида 12300 дан зиёд болалар ҳалок бўлди. Бу охирги тўрт йил ичида бутун дунёдаги урушларда ҳалок бўлган болалар сонидан (12193 нафар) ҳам кўпроқдир.

Мазкур рақамларни очиқлаган БМТнинг Фаластин қочқинлари бўйича бош комиссари Филипп Лаззарини Ғазода зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилган.

Халқаро ташкилот вакили болалар ўлими кўрсаткичининг ошиб бораётганини «ларзага солувчи» ҳолат деб баҳолаган. «Болаларга, уларнинг болалик даврига, келажагига қарши уруш» деб атаган у Ғазода 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган хунрезликни.

Маълумот ўрнида, БМТ комиссари Филипп Лаззарини келтирган рақамлар 2023 йил 7 октябрдан 2024 йил февралга қадар бўлган ўлимларни ўз ичига олади. Исроил ҳарбийларининг март ойи давомидаги бомбардимонларида яна 1200 дан зиёд болалар нобуд бўлди ва фожиавий статистика 13500 дан ошди.

ЮНИСЕФ очлик туфайли болалар ўлими кескин ошишидан огоҳлантирмоқда. Фото: Reuters

Куни кеча БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи бошланганига қарамай, Ғазо секторида қирғин давом этаётганини танқид қилган ва томонларни оташкесимга чақирган эди.

Халқаро ташкилотлар гуманитар ҳалокат ёқасидаги Ғазо секторига қуруқлик орқали мунтазам кўмак етказиш лозимлигини талаб қилмоқда.

БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича директори Адель Ходр Исроил блокадаси туфайли Ғазода болалар, хусусан, чақалоқлар ўлими хавфи кескин ошганидан огоҳлантирди.

Сўнгги вақтларда Ғазода очлик даражаси 12 бараварга ортган.

БМТ Рамазонда хунрезликни тўхтатишни талаб қилди. Фото: Reuters

Дунё сиёсати оқсоқолларидан бири, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель 12 март куни БМТ Хавфсизлик кенгашидаги чиқишида Исроил Ғазо секторига гуманитар кўмак етказишга тўсқинлик қилаётганини қоралади.

«Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказилиши шарт ва Европа Иттифоқи бу борада имкон қадар ҳаракат қилмоқда. Аммо бу инсоний бўҳрондир, табиий офат эмас. Бу сув тошқини эмас. Бу зилзила эмас. Бу инсон фаолияти оқибатидир. Кўмак кўрсатишнинг денгиз ёки ҳаво каби муқобил йўллари ҳақида гап борар экан, биз бунга мажбур эканимизни унутмаслик керак. Чунки автомобиль йўли орқали кўмак етказиш сунъий равишда тўсиб қўйилган. (Ғазода) очлик уруш қуроли сифатида ишлатилмоқда. Украинада рўй бераётган ҳодисаларни қоралар эканмиз, Ғазога ҳам айнан шундай муносабатда бўлишимиз керак», – деди ЕИ бош дипломати.

17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябрь ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган.

Айни пайтда 2,3 миллион аҳоли ҳаётига Исроил бомбаларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солиб турибди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг