Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

БМТ: Ғазода болаларни кўринмас ажал таъқиб этмоқда

БМТ: Ғазода болаларни кўринмас ажал таъқиб этмоқда

БМТнинг Фаластин қочқинларига кўмак бериш бўйича Яқин Шарқ агентлиги Ғазода болалар очлик туфайли дунё кўз ўнгида ҳалок бўлаётгани ҳақида бонг урмоқда.

Қамалда қолган ва гуманитар кўмак етиб бормаётган ҳудуддаги икки ёшгача бўлган ҳар олтинчи бола кучли очликдан азият чекмоқда. Биргина 3 март куни Ғазо сектори шимолида 15 нафар бола озиқ-овқат етишмовчилигидан нобуд бўлди.  Расмий ҳужжатларга киритилмаган ўлимлар сони бундан ҳам кўпроқ экани айтилмоқда.

БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича директори Адель Ходр ҳам Исроил блокадаси туфайли Ғазода болалар, хусусан, чақалоқлар ўлими хавфи кескин ошганидан огоҳлантирди. Халқаро ташкилот вакили тиббий хизмат издан чиққан ҳудудда болалар ҳаётини сақлаб қолиш икки карра мушкул эканини урғулаган.

Қайд этилишича, болалар очлик сабаб чорва молларига мўлжалланган озуқаларни ҳам истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда. Бу эса заҳарланиш ва бошқа юқумли хасталиклар хавфини оширмоқда.

ЮНИСЕФга кўра, минглаб болалар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўт очишни тўхтатиш, гуманитар кўмак ва тиббиёт хизмат тизимини қайта йўлга қўйиш лозим.

БМТ маърузачилари ва Фаластин томони Исроил Ғазо аҳолисини қасддан оч қолдирмоқда деб ҳисоблайди.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил  7 октябрдан буён 30600 дан зиёд фаластинлик, жумладан, 13430 нафар болалар ва 8900 нафар хотин-қизлар ҳалок бўлди.

Айни пайтда Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси ҳаётига Исроил бомбаларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солиб турибди.

17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябрь ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган.

Ҳаагадаги Халқаро суд 2024 йил 26 январь куни қабул қилган қарорга асосан, Исроилга Ғазо секторида геноцид ҳаракатларининг олдини олиш ва гуманитар вазиятни яхшилаш учун барча чораларни кўриш мажбурияти юкланган.

Аммо Фаластин томони Исроил халқаро маҳкама қароридан кейин ҳам гуманитар кўмак келишига тўсқинлик қилаётганини айтмоқда.

БМТга кўра, сўнгги вақтларда Ғазода очлик даражаси 12 бараварга ортди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг