Янги Андижон қурилиши қандай бошланди? Президент таассуротларини сўзлади
Андижонда янги шаҳар бунёд этилмоқда. Қурилиши бугун бошланган шаҳар лойиҳаси ҳар қандай одамга ёқиши тайин, ҳеч бўлмаганда бунинг учун учта сабаб бор — ҳеч кимнинг уйи бузилмаган, ҳеч кимга давлат бюджетидан отнинг калласидек компенсация тўланмаган ва бирорта ҳам дарахт кесилмаган.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда жуда кўп «сити»лар қурилмоқда, аммо бунақаси ҳали бўлмаган эди. Бир четдан, ҳеч кимга керак бўлмаган дала-даштда буткул янги шаҳар бунёд этиляпти. Президент Шавкат Мирзиёев бугун ушбу шаҳар қурилиши билан танишди ва рамзий тамал тошини қўйиб берди.
«Икки йил один Андижонга келганимда, уй-жой муаммосини кўриб, кайфиятим тушиб кетганди. Тошкентга қайтиб боргандан кейин узоқ ўйландим ва бир қарорга келдим. Биз 25 йил тайинли уй қурмадик, демак, тажрибамиз бўлмаслиги турган гап. Икки йил ўзимни қийнадим, ҳисоб-китоб қилдим ва мана шу шаҳарни қуришга киришдик.
Мен Туркияга борганимда кўрганман, Анқара шаҳри тоғ олдида жойлашган, ер етишмаганидан шаҳар борган сари тоққа чиқиб боряпти. Қирлар устида уй қуриляпти. Андижонда ҳам вазият шундай, биз ҳам қир-адирларда уй қурмасак бўлмайди», — деди Президент.
Дарҳақиқат, аҳоли зич жойлашган Андижонда уй-жой ва ер масаласи анча оғир. Давлат раҳбари буни яна бир бор таъкидлаб ўтди.
«Мен бугун бир онахон билан суҳбатда бўлдим. «Президент болам, Андижонда битта уйда бешта оила яшаяпти. Уй қилиш муаммо, ёшлар ўсиб келяпти, улар оила қурмаса бўлмайди», — деди. Уларга осон эмас. «Қайнона-келин ўртасидаги муносабат қандай бўляпти?» — деб сўрадим. «Худди андижонликлар орасида яшаётган одамдек гапиряпсиз. Ҳаммани ўз уйи бўлгани яхши», — деб айтди онахон. Мен бугун Андижонга ўша муаммоларни ҳал қилиш учун келдим. Янги Андижон шаҳри афсонавий шаҳар бўлади», — деди Президент.
Янги шаҳар лойиҳаси 8 та босқичда амалга оширилади. Унинг коммуникация тармоқларини бошлаш учун жорий йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади. Бунда 33 километр ичимлик суви тармоғи, 52 километр автомобиль йўли, 18 километр электр ва 27 километр газ тармоқлари қурилади.
Биринчи босқичда 3 минг 310 та квартирали 170 та кўп қаватли уй-жой, 1 минг 680 ўринли мактаб, 385 ўринли боғча, 200 қатновли поликлиника қурилади. Шаҳар қурилиши даврида 10 мингдан ортиқ, кейин эса саноат, савдо, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 100 мингга яқин доимий иш ўринлари яратилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter