Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Елим халта пуллик бўлгач... ким ютди, ким ютқазди?

Елим халта пуллик бўлгач... ким ютди, ким ютқазди?

300 сўм арзимасдек, зарари асрларга татийди

Дўконларда, супермаркетларда 300 сўм бўлган елим халтани пуллик бўлгани учун, афсуски, ҳеч ким рад қилаётгани йўқ. (2019 йил 1 январда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси муҳокама учун эълон қилган «Санитар тозалаш тизимларини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори муҳокамасидан кейин дўконларда елим халталар пуллик бўлди.)

Ҳар бир супермаркетдаги касса олдига илиб қўйилган матоли халталар ўн минг, қоғозли халталар бир ярим минг сўм. Бу халталарни баъзи табиат жонкуярлари, елим халтанинг кони зарар эканлигини англаган одамларгина сотиб олиши мумкин. Қолаверса, нархида жуда катта фарқ бор. Демак, муаммо уни пуллик қилиш билан ҳал бўлиб қолмабди.

Бир экофаол айтганди: «Елим халталар энди кириб келаётганда, ҳали камёб пайтида авайлаб ишлатардик», деб. Елим халтанинг зарарини камайтириш учун уни матоли ёки қоғозли халталар нархи билан тенглаштириш ва ёки камёб ҳолга тушириш керакдир. Хорижда – Европа Иттифоқининг барча давлатларида бундай маҳсулотларни бозордан олиб ташлаш ва 2021 йил 3 июлгача ишлаб чиқармаслик мажбуриятини юклаган. 12 ой ичида аввал ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишга рухсат берилди ва кейин тақиқ тўлиқ кучга кирди.

Грузияда 2019 йил 1 апрел санасидан бошлаб елим халталардан фойдаланиш, олиб кириш ва ишлаб чиқариш бутунлай тақиқланган. Энди елим халталарни ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи тадбиркорларга яхшигина жарима солинади. 2014 йил статистик маълумотларга кўра, ҳар бир фуқарога йилига ўртача 525 дона, масалан, Ирландияда бу рақам 14 тани, Дания, Финляндияда эса тўртта елим пакетни ташкил этади.

– Оддий халқнинг чўнтагидан чиқаётган 300 сўм пул арзимасдек, аммо тома-тома кўл бўлар, деганларидек жуда катта миқдордаги маблағ елим халта ишлаб чиқарувчилар ва уни пуллаётган дўкондорларни чўнтагини қаппайтирмоқда холос, – дейди супермаркетдаги бир харидор. – Ҳар куни уйга елим халта кириб келади, сақичдан тортиб кир совунгача ўраб берилади. Мен матодан тикилган халтадан битта олиб қўйсам? бир неча ойга етади, ўша кетма-кет оладиган елим халталаримнинг пулини қоплаб ҳам кетади.

Парижда кўча супурилмайди, ювилади

Шодиябегим Шарофий:

– Францияда шиша идиш бошқа чиқиндига қўшилмайди, ҳеч қачон қайта ишланмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари очиқ ҳолатда дуч келган жойга ташланмайди. Масалан, бир оиладаги ҳомиладор кунда олти марта қонидаги қанд миқдорини текшириб бориши керак. Қон таҳлилларига ишлатилган нарсаларни ташлаш учун устига «ҳаёт учун хавфли», деб ёзилган махсус қути берилади, тўлгач кўчадаги сариқ чиқинди қутига оғзи ёпиқ ҳолатда ташлаш керак. Ҳар бир чиқинди ташланадиган қутининг рангги алоҳида. Масалан, супермаркетлар олдига ўрнатилган яшил қутига баклашкани ташлайсиз ва эвазига пул оласиз. Арзимаган пул, аммо одамларни қизиқтиради. Францияда кўча супурилмайди, балки ювилади.

Чиқиндиларни махсус чангютгич тозалайди, бу ерда аёллар кўча супурмайди. Баъзида шаҳар кечга бориб ифлосланиб қолади, чунки бу ерга туристлар кўп келади. Ва ўзларининг тарбиясини кўрсатишади. Францияда кийимлар алоҳида жойга ташланади. Ҳар бир кўчада биттадан махсус жой бор, кийимларни қайта ишлаб бошқа маҳсулот чиқаради. Қолаверса, кўчага қўйилган нарсаларнинг ҳаммаси чиқинди ҳисобланмайди. Болалар аравачаси, мебеллар, ҳатто қўл телефони, тахлаб қадоқланган кийса бўладиган кийимлар – буларнинг барчаси эҳтиёжманд одамлар учун. Аккумуляторларни кўчага ташлаб кетиш мумкин эмас – жаримаси 500 евродан 3 йил қамоқ жазосигача. Чунки бу ерларда машинанинг аккумлятори штрих кодлар билан расмийлаштирилган бўлади.

Чиқиндини гулга айирбошлашади

   

Гулноза Тўхтасинова, Фарғона экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот котиби:

– Вилоятимизда 13 та чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари бор. Олтиариқ йўлидаги марказий чиқиндихонага Беларусдан саралаш технологиялари келтирилди. «Ёш авлод таянчи» (полиэтилен), РТИ техник МЧЖ (яроқсиз резина маҳсулотлари), Санфа Вибер, Robber Goods Produck МЧЖ (эски ҳар хил резина маҳсулотлари), Robber Roud МЧЖ (эски машина шиналари), Бешариқ – Бешқувур (полиэтилен) чиқиндиларни қайта ишлаш орқали релсларга резина, полиэтилен қувур, резина тўшамалар, спорт тўшамалари (юмшоқ матлар), ўйинчоқ, кўрпа-тўшак, ёстиқлар ичига солинадиган сентефонлар ишлаб чиқарилмоқда. Афсуски, юпқа бир марталик елим халталарни қайта ишлашнинг имкони йўқ. Сабаби, уларнинг бир дунёсидан атиги битта пакет чиқади. Бу учун қанча меҳнат, техника кучи кетади. Қоғоз ва матоли халталарга эса бир қанча дарахтларни кесишга тўғри келади. Шунинг учун қарорда кўрсатилгандек, полиэтилен халталарнинг микронини катталаштириш ҳақида ўйлаш керак, шунда буларни қайта ишлаб чиқариш имкони бўлади ва бир неча марта фойдаланилади. Ҳозир Фарғонанинг кўпгина ҳудудларида шина ва баклашкаларни тополмайсиз.

Яна битта яхши анъана – ўқувчилар ўқув йили охиригача қоғоз ва баклашкаларни йиғиб боради, йил охирида тадбиркорларга топширади ва мактаб учун керак бўлган гул, ўқув қуроллари сотиб олишади.

«Елим халталардан нафратланаман»

Зебохон Муродимова, инглиз тили ўқитувчиси:

– Ўзбекистонга келишим билан катта муаммога дуч келдим. Кўча-кўйда, бозорда, дўконда бир кило олма, сут-қатиқ ёки бирор eгулик оласизми рангли пластик пакетларга солиб беришади. Буни табиийдек қабул қиламиз. Ошхона ҳар хил рангдаги бундай пакетларга тўлиб кетади. Ҳаммасини йиғиб битта каттароғига соласиз. Ҳечқиси йўқ, ахлат ташлашга қулай дейсиз. Эртасига уйга яна 3-4та пакет кириб келади. Қанча кўп кирса, шунча кўп сиз уни чиқиндига улоқтирасиз. Қаранг, бу пакетнинг хизмати 1-2 кунлик, лекин унинг чириб, тупроққа айланиб кетишига 300 йиллар кетади. Касбим тақозоси билан Америкада ва Европада бўлиб қайтдим, аввало, одамларнинг чиқинди масаласидаги масъулияти ва маданияти мени ҳайратлантирди. Улар ўзлари билан сетка олиб юришади. Жуда камдан-кам ҳолларда елим халталардан фойдаланишади. Шундай қилиб бу пластик пакетларга қарши уруш очдим, турмуш ўртоғим кўпроқ кўчада у-бу сотиб олиб келганлари учун бу кичик пакетлар бир зумда кўпайиб қолди. Мен «STOP BRINGING THESE NASTY PLASTIC BAGS» дедим. Энди улар ҳам уйда бор матодан тикилган халталаримизни олиб кетадиган бўлдилар. Елим халталардан нафратланаман, улар сайёрамизни бўғаяпти.

Швецияда чиқинди йўқ

Наргис Қосимова, медиатренер, экожурналист:

– ekolog.uz телеграм канали 2018 йилдан буён фаолият юритади. Ўтган йиллар ичида каналимиз Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг вилоятлардаги бошқармалари, Экопартия ва унинг бўлинмалари билан ҳамкорликликни йўлга қўйдик. Чиқиндилар бўйича мурожаатларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан тушади. Бу, ўз навбатида, мурожаатчиларнинг яшаб турган жойига бефарқ эмаслигини билдиради.

Минг маротаба чиқиндини тозаласанг ҳам, одамларнинг ўзлари ташламасликни ўрганмагунича муаммо ҳал бўлмайди. Хорижда аллақачон чиқиндини қайта ишлаб, ундан қимматбаҳо металларни ажратиб олиш, иккиламчи ресурс сифатида фойдаланиш йўлга қўйилган. Шундай давлатлар борки, масалан Швеция, уларда ҳаттоки чиқиндининг ўзи йўқ. Бу оғриқли муаммони ҳал этиш учун қайта ишлаш билан бирга, чиқиндини ёқиш натижасида биогаз, электр қуввати олиш мумкин бўлган биоқурилмаларни ҳар бир ҳудудга ўрнатиш лозим.

Бундан 5-6 йил илгари Глобал экологик фонднинг кичик лойиҳалари доирасида Тошкент вилояти, Сирдарё вилоятининг Ховос туманида «Надежда» фермер хўжалигида биоқурилма синов тариқасида ўрнатилиб, мол гўнги ва чиқиндиларни ёқиш натижасида ҳосил бўлган биогаз билан 100 тача хонадонни газ ва электр билан таъминланганди. Нега айнан мана шундай лойиҳалар қўллаб-қувватланмайди?

Бу ҳам чиқиндидан атрофни тозалаш, ҳам ўтин учун дарахтларнинг кесилишини олдини олиш, ҳам табиий газ заҳираларимизни тежаш имкони бўларди. Чиқиндини қайта ишлайдиган қурилмани қуриш учун маълум миқдорда капитал харажатлар талаб этади, бундай лойиҳалар ўзини ўзи тез қопламайди ва давлат дотациясини талаб қилади. Етакчи давлатлар, жумладан, Германия ва кўпгина Европа мамлакатлари биогаз ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўлидан бормоқда. Бу «яшил тариф» шаклида амалга оширилмоқда, яъни, электр ва иссиқлик энергиясини оширилган нархларда сотиб олмоқда.

Жумладан, Германияда 1993 йилгача биогаз қурилмалари сони 250 тагача етган. Фақат 1990 йилдан бошлаб, жамоатчилик тармоқларига бундай электр энергияни нисбатан атиги 10 цент/кВт га кам сотишга имконият берилиши кафолатланиши қонунда пайдо бўлиши, қурилмаларнинг сонини 2000 йилга келиб, деярли тўрт баробар, яъни 1000 тага ошишига сабаб бўлган. Ривожланган давлатлар ичида Хитой биогаздан фойдаланиш бўйича энг пешқадам, бу ерда доимий асосда ахлатхона ва канализацияларда 20 млн. ортиқ биогаз қурилмаси ишлаб турибди...

Биз ҳар доимгидек ушбу мавзуни тўлдириш мақсадида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассисларига юзландик, аммо ҳали ҳамон жавоблар тайёрланмоқда экан...

Исмоил Сагдуллаев, «Махсустранс» ДУК раҳбаримаслаҳатчиси:

– Мамлакатимизда 197 та чиқинди полигони бор, 24 таси тўлган, экологик талабларга умуман жавоб бермайди. Тошкент шаҳридан бир кунда икки минг тонна чиқинди чиқади. Осиё тараққиёт банкидан 3 млн 200 долларлик рекультивация учун техникалар олдик. 59 гектарли полигон ўзининг вақтини яшаб бўлди. Энди 30 гектарли бетон ва пленка қатламли сув ва экологияга зарари бўлмаган полигонни ишга туширамиз. Хориж компаниялари билан шартнома тузганмиз. Яъни, кўмилган (асосий қисми елим ва қаттиқ) чиқиндилардан чиқаётган метан газдан электр энергия олишни мўлжаллаяпмиз. 18 мингга яқин контейнер қўйганимиз билан экологик маданият бўлмаса қийин. Келажакда ҳар бир полигон олдида саралаш ва қайта ишлаш заводлари қурилади.   

Маълумот учун: Ўзбекистонда сўнгги йиллардаги иқтисодий ўсиш сабаб йилига 7 млн тонна маиший чиқинди ҳосил бўлмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан жорий йил феврал бошида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз очаркан, ушбу чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш аҳволи қониқарли эмаслигини урғулаган.

Таъкидланишича, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси Aндижонда – 45 фоиз, Бухорода – 43 фоиз, Навоий ва Наманганда – 36 фоизни ташкил этиб, яхши натижа кўрсатилмоқда. Aксинча, Қорақалпоғистон – 10 фоиз, Фарғона ва Қашқадарё – 20 фоиз билан қолган ҳудудлардан орқада. Шунингдек, чиқиндиларни олиб чиқиш қамрови 90 фоизга етган бўлса-да (2017 йилда атиги 25 фоиз эди), 781 та маҳаллада 30 йилдан буён чиқиндини олиб чиқиш масаласи ҳал етилмагани танқид қилинди.

Zero-waste – чиқиндиларнинг нол иерархияси

Zero-waste – бу нарса ва нарсаларни қайта ишлатиш орқали чиқиндилар миқдорини минималлаштиришга қаратилган тамойиллар тўплами. Нолинчи чиқиндиларнинг мақсади ҳар қандай чиқиндиларни полигонларга, ёқиш заводларига ёки океанга (афсуски, денгиз ва океанларни ифлослантирувчи чиқиндиларнинг 80% дан ортиғи пластикдир) юборишни тўхтатишдир. Ҳозирда пластикнинг атиги 9 фоизи қайта ишланади. Zero-waste ҳаракати оммалашиб, 1998-2002 йилларда ўзининг энг юқори чўққисига чиқди ва шундан сўнг назариядан амалиётга ўтиб, асосий эътибор чиқиндисиз жамият тузилиши ва хатти-ҳаракатлари қоидаларига қаратилди. Масалан, мана шу тамойил бўйича Калифорнияда яшовчи француз-америкалик Беа Жонсон буни тўрт кишилик уйида қўллашга қарор қилди. 2009 йилда у машҳур Zero-waste home блоги орқали ўз тажрибаси билан ўртоқлаша бошлади ва 2010 йилда у Ню-Йорк Таймс газетасида чоп этилди.  

Германияда Мари Делапиер илк қадоқсиз дўконни очди.

Мана шу тамойил бўйича ўзимизда ҳам бир корхонанинг хайрли иши ҳақидаги маълумот тасодифан қўлимизга тушиб қолди.

Швейцариядаги Zero-waste асосчиси Натали Бино нотижорат ташкилот тузди. Шундай қилиб йиллар давомида Zero-waste турмуш тарзи кенг тарқалди. Дунё бўйлаб минглаб ижтимоий медиа каналлар, блоглар, оммавий дўконлар ва ташкилотлар пайдо бўлди. Ва, ўз навбатида, бу жадал ривожланаётган оммавий ҳаракат Unliever и Procter and Gamble каби йирик корпорацияларга қайта фойдаланиш мумкин бўлган муқобил маҳсулотларни яратишга талабни кучайтирди.

Мақола ёзиш асносида чиқиндиларнинг инсон саломатлигига қай даражада зарари борлигига ҳақидаги маълумотларга дуч келдик, гарчи бу алоҳида мавзу ҳисобланса-да қисқача қўшимча факт бермоқчимиз:

Табиий чириган ахлатларда топилган водород сулфиди ўпка саратони  ва нафас олиш касалликларини ривожлантирса, туғилиш нуқсонлари ва кам вазн полигонларга яқин яшайдиганларда учрайди, яъни майда заррачалар ва азот диоксиди сабаб бўлади. Полигон филтрларида маиший кимё ва рецепт бўйича дори-дармонлар тобора кўпроқ топилмоқда. Ушбу материалларнинг чиқиндихоналардаги таркиби ва бу кимёвий моддалар, дориларнинг ер ости сувлари ва атроф-муҳитга кириши мумкинлиги эса катта ташвиш уйғотишини ҳисобга олиб бу мавзуга яна қайтамиз...

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг