Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хитой шимолидаги юзлаб масжидлар бузиб ташланди – HRW

Хитой шимолидаги юзлаб масжидлар бузиб ташланди – HRW

Хитой ҳукумати Нинся мухтор ўлкаси ва Ганьсу вилоятидаги юзлаб масжидларни вайрон қилди ва ёпиб юборди. Бу ҳақда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида сўз боради.

«Масжидларнинг ёпилиши, вайрон қилиниши ва бошқа муассасага айлантирилиши Хитойда исломий эътиқодни чеклашга қаратилган тизимли чора-тадбирларнинг бир қисмидир», – дейди Human Rights Watch ташкилотининг Хитой масалалари бўйича директори Майя Вонг.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Нинся мухтор ўлкаси ва Ганьсу вилоятидаги қишлоқларнинг сунъий йўлдош тасвири орқали тадқиқ этган. Масалан, 2019-2021 йилларда Нинсядаги 7 та масжиднинг гумбаз ва миноралари бузиб ташланган, яна 3 таси бутунлай вайрон қилинган.

Умуман, 2020 йилдан буён Нинся мухтор ўлкасидаги 1300 га яқин масжид ёпилган ёки бошқа дунёвий муассасага айлантирилган. Бу ҳудуддаги масжидларнинг учдан бир қисми демакдир.

Хитой маъмурияти «масжидларни бирлаштириш» сиёсати юритилаётганини айтади. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари буни эътиқод эркинлигининг бузилиши деб баҳолайди.

2016 йилда Хитой раиси Си Цзиньпин «исломни хитойлаштириш» масаласини кўтарган. Бу мамлакатдаги мусулмон аҳолининг хитой анъаналари ва маданиятига ассимиляциясини кўзда тутади. Ўшандан буён мамлакатда ислом дини устидан назорат кучайгани айтилади.

2018 йилда Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси масжидлар назоратига доир ҳужжат қабул қилган. Унга кўра, маҳаллий ҳокимиятларга «масжидларни кўпроқ бузиш ва камроқ қуриш» топшириғи берилган.

Масжидларни бузиш сиёсати Нинся ва Ганьсу билан чегараланаётгани йўқ.

Шинжон уйғур-мухтор ўлкаси Хитойда мусулмонлар энг кучли таъқиб этилаётган минтақа деб баҳоланади.

Австралия стратегик сиёсати институти ҳисоб-китобига кўра, 2017 йилдан буён Шинжондаги 16 минг масжиддан 65 фоизи бузилган ёки шикаст етказилган.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Шинжон уйғур-мухтор ўлкасида яшовчи миллатлар қатағон қурбони бўлаётгани хусусида ҳисобот эълон қилган. 160 саҳифали ҳисоботда «қайта тайёрлаш лагерлари» деб аталган юзлаб тутқунгоҳларда уйғур, ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик каби оз сонли миллат вакилларига нисбатан зулм ва зўравонлик сиёсати юритилаётгани қайд этилади.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида ёзилишича, Хитойда бошланган тозалаш сиёсатидан кейин Шинжонда яшовчи 800 мингдан 2 миллионгача мусулмонлар ёпиқ лагерларда сақланмоқда. Департамент хулосасига кўра, судсиз, терговсиз жорий этилган ушбу жазо усули маҳаллий мусулмонларни ўз дини ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш ва тўлиқ хитойлаштиришга қаратилган.

АҚШ Хитойнинг Шинжондаги сиёсатини «геноцид» деб атаган.

2020 йил июнь ойида АҚШ президенти Дональд Трамп уйғур ва бошқа мусулмон озчилик ҳуқуқларини бузгани учун Хитой расмийларига нисбатан санкция жорий этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг