Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Европа Иттифоқи–Марказий Осиё: иккинчи иқтисодий машварат қандай ўтди?

Европа Иттифоқи–Марказий Осиё: иккинчи иқтисодий машварат қандай ўтди?

Еврокомиссия ижрочи вице-президенти.

Фото: Twitter.com/VDombrovskis

Европа Иттифоқи Марказий Осиё учун молиявий кафолатлар дастурини қабул қилади.  Бу эса минтақанинг беш давлатига сармоя киритиш миқдорини ошириш, иқтисодиёт, рақамли  тараққиёт ва экология йўналишларига жиддий эътибор қаратиш имконини беради. Бу ҳақда Европа комиссияси ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис 18-19 май кунлари Қозоғистонинг Олмаота шаҳрида ташкил этилган Европа Иттифоқиؘ–Марказий Осиё иккинчи иқтисодий форумидаги маърузасида гапирди.

ЕИ минтақада рақобатбардошлик ва қулай ишбилармонлик муҳитини қарор топтиришга қаратилган янги тараққиёт дастурини ҳам ҳозирлайди. Европа инвестиция банки эса минтақадаги фаоллигини янада оширади.

«Мавжуд натижалар бизни шундай аниқ хулосага ундайди: Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари учун кучли, садоқатли ва ишончли ҳамкордир. ЕИга аъзо давлатлар минтақадаги тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг асосий манбаига айланган бўлиб, 40 фоиз улуш улар ҳиссасига тўғри келади.  Бу Хитойдан ҳам, Россиядан ҳам юқори кўрсаткич. ЕИ халқаро майдонда Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлақонли қўллаб-қувватлайди», – дейди Еврокомиссия вице-президенти.

ЕИ Global Gateway ташаббусига мувофиқ дунё миқёсида инфратузилмалар тизимига сармоя киритмоқда. Мазкур ташаббус доирасида Марказий Осиёда сув ресурслари, рақамли тараққиёт, энергетика ва иқлим ўзгариши йўналишларида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Валдис Домбровскис ЕИ Марказий Осиё янада равнақ топиши учун йирик дастурлар давом эттирилишини таъкидлаган.

Таҳлилларга кўра, ЕИ сўнгги ўн йилликда Марказий Осиёга 120 миллиард доллардан зиёд сармоя киритган. Икки йирик минтақа ўртасидаги савдо айланмаси 2022 йилда 61 фоизга ўсиб, 49 миллиард долларга етган.

Форумда Ўзбекистон номидан бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев қатнашди. Фото: www.eeas.europa.eu

Олмаотада ўтган иккинчи иқтисодий форум давомида савдо-иқтисодий робиталарни янада кенгайтириш йўллари муҳокама этилди. Жумладан, бизнес юритиш, яшил ва рақамли иқтисодиётга ўтиш шартлари, минтақа мамлакатлари иқтисодиётини янада трансформациялаш масалалари эътибор марказида бўлди.

Анжуман давомида иқтисодиётни янада диверсификациялаш, ички ва минтақалараро савдони рағбатлантириш, қонун ва меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш орқали иқтисодий муносабатларни яқинлаштириш, инклюзив ва барқарор ривожланиш юзасидан ҳам фикрлашилди.

Форум якунида матбуот учун берилган қўшма баёнотда қайд этилишича, томонлар умумий қадриятлар ва ўзаро манфаатларга асосланган мустаҳкам, кўп қиррали ва истиқболли ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятига содиқдир.

Бундан ташқари, савдо тўсиқларини олиб ташлаш, инклюзивликни илгари суриш, рақобатни кучайтириш, иш ўринлари яратиш, минтақавий ва глобал бозорларга интеграциялашувни тезлаштириш, бизнес учун тенг шароит яратиш муҳимлигига урғу берилган. 

Марказий Осиёда иқлим ўзгаришлари оқибатларини камайтириш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларига инвестиция киритиш, сув ресурсларини барқарор бошқариш ва биохилмахилликни сақлаш, экологик хатарларга қарши кураш, Орол денгизи фожиаси оқибатларини бартараф этиш масалалари бўйича ҳамкорликнинг муҳимлиги таъкидланган.

Анжуман давомида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим, “GSP+” преференциялар тизимида иштирок этиш билан боғлиқ устувор йўналишлари юзасидан ҳам ўзаро маслаҳатлашилган.

Европа Иттифоқиؘ–Марказий Осиё иқтисодий форуми геосиёсий жиҳатдан қулай минтақавий платформага айланмоқда. Эслатиб ўтамиз, ушбу форматдаги биринчи форум 2019 йилда Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтказилган бўлиб, муҳокамалар уч асосий мавзу – яшил тикланиш, рақамлаштириш ва бизнес муҳити теграсида кечган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг