Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзсаноатқурилишбанк «Ўзбекистондаги энг фаол банк-эмитент» ва «Яшил молиялаштириш» мезонлари бўйича энг яхши битим» ғолиби бўлди

Ўзсаноатқурилишбанк «Ўзбекистондаги энг фаол банк-эмитент» ва «Яшил молиялаштириш» мезонлари бўйича энг яхши битим» ғолиби бўлди

Кеча, жорий йилнинг 30 июнь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг онлайн тарзда ўтказилган Йиллик йиғилишида ЕТТБнинг савдога кўмаклашиш дастури – «Trade Facilitation Program» номинациясида ғолиблар эълон қилинди.

Маросим давомида Ўзсаноатқурилишбанк бирйўла икки номинацияда етакчи деб топилди. Хусусан:

– «2020 йилнинг Ўзбекистондаги энг фаол банк-эмитенти»;
– «2020 йилнинг «Яшил молиялаш» мезонлари бўйича энг яхши битими.

Ушбу мукофот билан ЕТТБ банкнинг халқаро савдони молиялаштиришдаги алоҳида ютуқларини эътироф этиш билан бирга, савдони молиялаштириш соҳасида муассаса томонидан кўрсатилаётган хизматлар фаоллиги ва сифатини юқори баҳолайди.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Ўзсаноатқурилишбанк тизимида трансформация ишлари кенг қамровда амалга оширилмоқда. Жумладан, банк хизматлари фойдаланувчилари эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда, мижозларга йўналтирилган сиёсатни қуришга қаратилган янги бизнес-модел фаол жорий этилмоқда.

Бунда, нисбатан қисқа вақт ичида банк томонидан ўз мижозларига кенг имкониятларни тақдим этиш орқали Ўзбекистон бозорида савдони молиялаштириш соҳасида етакчи ўринларни эгаллашга эришилди.

Covid-19 пандемияси даврида Ўзсанотқурилишбанк томонидан савдони молиялаштириш хизматларини тақдим этиш орқали, шунингдек, банкка 2020 йилда ЕТТБнинг «COVID-19 Response» ташаббуси доирасида тақдим этилган 60 млн. долларлик қўшимча лимитдан самарали фойдаланиш асосида мижозларга катта ёрдам кўрсатилди. Бу орқали «Covid-19» пандемиясининг салбий таъсири анчагина минималлаштирилди ва халқаро миқёсда ҳукмрон бўлиб турган савдо турғунлиги эффектининг олдини олишга кўмаклашилди.

Бундан ташқари, банк томонидан «Яшил» молиялаштириш тамойилларини ривожлантириш ва жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2018 йилда Халқаро молия корпорацияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки мутахассислари кўмагида ишлаб чиқилган «Green Banking» сегментига алоҳида эътибор қаратилган молия институтини трансформациялаш дастури бунга далил бўла олади.

Келгусида Ўзсаноатқурилишбанкнинг ушбу дастурдаги иштироки унга халқаро молия бозоридаги мижозлар доирасини кенгайтириш, банк бренди нуфузини ошириш имконини беради. Бу, ўз навбатида, савдони молиялаштириш соҳасида рақобатбардошликни ошириб, ташқи савдо фаолияти билан шуғулланувчи янги контрагентларни жалб қилишга қўшимча туртки бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон банк-молия тизимини тубдан ислоҳ қилиш натижасида Ўзсаноатқурилишбанк тизимида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро молия институтларининг эътиборидан четда қолмаяпти.

Эътирофга лойиқ жиҳати, Ўзсаноатқурилишбанк ЕТТБнинг юқорида эълон қилинган номинацияларидан ташқари, кетма-кет 3 йил давомида Осиё тараққиёт банкининг Савдони молиялаштириш дастури доирасида Ўзбекистондаги энг яхши банк-ҳамкори деб тан олинди.

Банк Ахборот хизмати

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг