Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дунё аҳлини «даҳшатга солган» қонун

Дунё аҳлини «даҳшатга солган» қонун

Бош комиссар Филипп Лаззарини.

Фото: БМТ матбуот хизмати.

БМТнинг фаластинлик қочқинларга кўмак бўйича агентлиги бош комиссари Филипп Лаззарини Исроил парламенти қабул қилган ўлим жазосига доир қонундан кўпчилик қаторида даҳшатга тушганини маълум қилди.

Аввал хабар берганимиздек, душанба куни Кнессет қабул қилган қонун лойиҳаси жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Филипп Лаззарини демократик давлатлар ўлим жазосига қайтмаслигини таъкидлар экан, Исроил парламенти маъқуллаган ҳужжат дискриминацияга хизмат қилиши, яъни фаластинликлар ҳуқуқи поймол этилишига олиб келишидан огоҳлантирган.

«Биз дунё мамлакатлари ўлим жазосини бекор қилишига ўрганиб қолганмиз. Қолаверса, ушбу қонун аҳолининг муайян қисмига қаратилгани боис, у кучли дискриминацияга олиб келади», – деган БМТнинг фаластинлик қочқинларга кўмак бўйича агентлиги бош комиссари.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идораси ҳам фаластинлик маҳкумларга қарши қаратилган қонунни зудлик билан бекор қилишни талаб этган.

Террорчилик актида айбдор деб топилган фаластинликларга нисбатан ўлим жазосини қўллашга доир қонун лойиҳасини Кнессетнинг 62 аъзоси қўллаб-қувватлаган, 48 нафари эса қарши чиққан. Бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳам баҳсли қонун лойиҳасини ёқлаган.

Исроил миллий хавфсизлик вазири И.Бен-Гвир баҳсли қонун қабул қилинишини нишонламоқда. Фото: Reuters

Қонунга кўра, ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда яшовчи фаластинликлар Исроил маҳкамаси томонидан террорчилик актини содир этишда айбдор деб топилса, 90 кун давомида осиш йўли билан қатл этилади.

Буюк Британия, Франция, Германия, Италия каби Европа давлатлари ҳам ушбу қонун демократик тамойилларига зид эканини айтмоқда.

Ҳатто Исроилдаги етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ушбу қонунни «фаластинликларга нисбатан дискриминация ва ирқчиликка асосланган зўравонлик» дея қоралаган. Хусусан, Исроилдаги Фуқаролик ҳуқуқлари уюшмаси қонун устидан мамлакат Олий судига шикоят киритган

Ўтган ойда БМТ экспертлари ушбу қонунни кескин танқид қилган ва фаластинликлар ҳуқуқи поймол этилишига олиб келувчи ҳужжатни халқаро ҳуқуққа зид деб баҳолаган эди.

Европа Иттифоқи Дипломатик хизмати ҳам ўлим жазоси яшаш ҳуқуқига зид экани, янги ҳужжат қийноққа оид тақиқни бузишини маълум қилган.

Маълумотларга қараганда, айни пайтда Исроил қамоқхоналарида 9300 нафардан зиёд фаластинлик, жумладан, 350 нафар болалар ва 66 нафар хотин-қизлар ушлаб турилибди.

2000-2023 йиллар мобайнида Исроил томонидан қамоққа олинган болалар сони 13 мингга етган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бонг уришича, Исроил қамоқхоналарида фаластинлик болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий қийноқ қўлланган. 

Amnesty International ҳам Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликларга нисбатан қийноқ, жисмоний ва жинсий зўравонлик ҳаракатлари содир этилгани юзасидан хавотир билдириб келади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил хавфсизлик важидан фаластинликларни айблов эълон қилмаган ҳолда қамоқда сақлаб келишини танқид қилади. Бу амалиёт, айниқса, 2023 йил 7 октябрдан кейин кучайган.

БМТ ҳисоботида қайд этилишича, Исроил 1967-2023 йилларда 800 мингдан зиёд фаластинликни асоссиз равишда ёки арзимас шубҳа-гумон билан ҳибсга олган.

«Исроил ҳарбий оккупацион маъмурияти Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларини очиқ осмон остидаги қамоқхонага айлантирган», – дейди БМТнинг махсус маърузачиси Франческа Альбанезе. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг