Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қасрдан қамоққа равона бўлган президент

Қасрдан қамоққа равона бўлган президент

Суданни 30 йил танаффуссиз идора этган Умар ал-Башир.

 Фото: «Reuters»

Суданнинг собиқ президенти Умар ал-Башир Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий судга топширилади. Айни пайтда Суданни идора этиб турган муваққат кенгаш ана шундай қарорга келган. Бу ўринда гап бир неча юз минг инсоннинг ўлимига алоқадорлик хусусида кетмоқда.

Умар ал-Башир Судан раҳбарлигига 1989 йилда ҳарбий тўнтариш орқали келган. Шу тариқа у мамлакатни 30 йил давомида идора қилди. Қайтар дунё деганлари рост чоғи, президент ал-Баширнинг ўзи ҳам айнан ҳарбий тўнтариш ортидан курсисини топширишга мажбур бўлди.

Суданда тўрт ой давом этган оммавий норозилик намойишлари ортидан, 2019 йил апрель ойида «боқий» президент ўз лавозимидан кетди. Собиқ давлат раҳбарига қарши коррупция, ноқонуний равишда совға-салом олиш ҳамда хориж валютасини сақлаш бўйича жиноий иш очилди.  Гап шундаки, давлат тўнтаришидан кейин ўтказилган тинтувда президентнинг қасридан 6 миллион евро, 351 минг доллар ва 5 миллиард судан фунти (105 миллион доллар) топилган эди. 2019 йил декабрда маҳкама мазкур маблағларни мусодара қилиш шарти билан собиқ президентни икки йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Судан қонунчилигига кўра, 70 ёшдан ошган фуқаролар қамоққа ташланмайди. Шунга кўра, 76 ёшли Умар ал-Башир жазони ахлоқ тузатиш муассасасида ўтайдиган бўлди. Аммо... 

Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд Умар ал-Баширни кўпдан буён қатлиом ва инсониятга қарши жиноятларда айблаб келади. Суданда кечган фуқаролик уруши даврида (2003-2006) ҳукумат кучлари ва исёнчилар ўртасида курашларда, БМТ ҳисоб-китобига кўра,  200 мингдан 400 минг нафарга қадар аҳоли ҳалок бўлган, 2,7 миллион киши бошпанасидан айрилган.

Халқаро жиноий суд 2009 йилда Суданнинг амалдаги раҳбарини қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарган. Қайд этиш жоизки, бунга қадар халқаро маҳкама бошқа бирор амалдаги давлат раҳбарини ҳибсга олиш борасида ҳужжат қабул қилмаган.

Халқаро суд Умар ал-Башир 2019 йилда қамоққа олиниши билан уни экстрадиция қилишни талаб қилган, аммо Суданни идора этиб турган муваққат кенгаш бунга кўнмаётган эди. Бир неча ойлик музокаралардан кейин Судан маъмурияти собиқ президентни Халқаро жиноий судга топширишга рози бўлди.

Дарвоқе, Умар ал-Баширнинг ўзи унга нисбатан илгари сурилган барча айбловларни рад этиб келади.

Суданнинг собиқ раҳбари ўтган асрнинг 90-йилларида «Ал-Қоида» террорчи гуруҳи етакчиси Усома бин Лодинга бошпана бергани учун ҳам танқидга учраган эди. 

Собир Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг