Коронавирусда ва шамоллашда ҳид билишнинг йўқолиши: фарқи нимадалигини аниқлаш қийинмас
Коронавирусга чалинганда ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши мутлақо бошқача — у грипп ёки шамоллашникидан фарқ қилади. Ковид беморларини ўрганган европалик тадқиқотчилар шундай хулосага келишди.
COVID-19да ҳид билиш қобилияти бир зумда йўқолади. Бурун битиши ёки тумов кузатилмайди. Аксарият беморлар эркин нафас олишда давом этишади.
Яна бир фарқи — «ҳақиқий» таъмнинг йўқолишидир. Коронавирусга чалинганлар аччиқни шириндан фарқлай олишмайди. Экспертларнинг фикрича, бунинг сабаби вирус бевосита таъм ва ҳидга масъул нерв ҳужайраларини фалажлаб қўйишидадир.
Коронавируснинг симптомлари юқори ҳарорат, бетиним йўтал, ҳид ёки таъм билишнинг йўқолишидир. Бу симптомларни ўзида пайқаган инсон ўзини иҳоталаб, тест топшириши керак. Оила аъзолари ҳам дарҳол ҳимоя чораларини кўришлари талаб этилади.
Шарқий Англия университети етакчи тадқиқотчиси, профессор Карл Филпотт 30 нафар кўнгиллида тажриба ўтказиб кўрди. Буларнинг 10 нафари — COVID-19га чалинганлар, 10 нафари — кучли шамоллаганлар, 10 нафари — грипп ёки шамоллаш симптомлари йўқ соппа-соғ одамлар.
Унинг аниқлашича, ҳид билиш йўқолиши коронавирусга чалинганларда «чуқурроқ» намоён бўлган.
«Коронавирусни бошқа респиратор касалликлардан ажратиб турувчи ўзига хос хусусиятлар ҳақиқатан ҳам бор. Бу каби тестлар коронавирусга чалинганларни оддий шамоллаш ёки гриппга чалинганлардан ажратиб олишда қўл келиши мумкин», — деди Филпотт.
Профессорнинг таъкидлашича, бу тестларни мустақил ўтказса ҳам бўлади: бунинг учун қаҳва, саримсоқпиёз, апельсин ёки шакарни татиб ёки ҳидлаб кўриш кифоя. Шунга қарамасдан, барибир бурун ва томоқдаги суюқликдан намуна олишга тўғри келади. Соғаяётган аксарият инсонларда бир неча ҳафта давомида таъм ва ҳид билиш қобилияти тиклана бошлайди.
Жонс Ҳопкинс университети (АҚШ) эксперти Эндрю Лейн ва унинг жамоаси коронавирус нега ҳид билишга таъсир ўтказишини ўрганиш учун буруннинг орт қисми ҳужайраларидан намуналар олиб ўрганишганида ўта юқори даражали ферментга дуч келишди. У фақат буруннинг ҳид билишга жавобгар соҳасида учрагани тадқиқотчиларни ўйлантириб қўйди. Чунки бу фермент коронавируснинг организм ҳужайраларига кириб, инфекция қўзғашига имкон берувчи «кириш нуқтаси» саналади.
«Чиндан ҳам вирус организмга кириш ва уни заҳарлашда шу ҳужайралардан фойдаланяптими —лаборатория текширувларида аниқлашга уриняпмиз. Агар шундай бўлиб чиқса, биз бевосита бурун орқали вирусга қарши терапияни қўллаб, инфекцияга қарши курашишимиз мумкин бўлади», — деди Лейн.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter